ЭЛМУРОДНИНГ ШОГИРДЛАРИ
1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг белбоғли кураш бўйича маҳоратли мураббийи Элмурод Абдуллаев устозлари – 26-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Юсуфжон Қодиров, белбоғли кураш бўйича туман бош мураббийи, «Халқ таълими аълочиси» Бахтиёр Турғунпўлатовлар йўлидан бориб, кўплаб муваффақиятларга эришмоқда. Айниқса, унинг шогирдлари қўлга киритаётган ютуқлар қувонарли.
Бизнинг мактабимизда белбоғли кураш бўйича тўгарак фаолият бошлаганига унча кўп вақт бўлмаса-да, Элмурод тарбиялаган ўқувчилардан беш нафари Ўзбекистон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди. Жумладан, 2017 йили Қашқадарёда бўлиб ўтган чемпионатда Наврўзбек Маҳаммадалиев биринчи, Диёрбек Лутфуллаев иккинчи, Азимжон Йўлдошев учинчи ўринларни эгаллашди. Шу йили март ойида Андижонда ўтказилган чемпионатда Моҳигул Иброҳимова биринчи, Достонбек Сотиболдиев иккинчи, «Умид ниҳоллари» беллашувининг вилоят босқичида Бекзод Ҳошимхўжаев иккинчи ўринларни банд этиб, олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлишди. Апрель ойида Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон кубогида Азимжон Йўлдошев, Билолбек Раҳматуллаевлар биринчи, Фозилбек Абдураҳматов учинчи ўринларни эгаллашди. Мактабимизнинг собиқ битирувчиларидан Обиджон Абдураҳимов Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни қўлга киритиб, Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги мусобақаларига йўлланма олди.
Менинг фарзандим ҳам шундай фидойи мураббий қўлида тарбия топиб, жисмонан чиниқаётгани ва кўплаб ютуқларга эришаётганидан мамнунман. Жонкуяр устозга доимо омад, шогирдларига ғалаба ёр бўлишини тилайман.
Саидахон МИРЗАЕВА,
1-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

