ТАБИАТНИ АСРАШ – УМУМХАЛҚ ИШИ
Табиатнинг ҳар бир неъмати инсон манфаатларига хизмат қилади. Бироқ ўтган асрларда ушбу бебаҳо бойликлардан оқилона фойдаланишга, фан-техника ютуқларини табиат қонуниятлари билан мутаносиб тарзда олиб боришга етарлича эътибор берилмади. Оқибатда сайёрамизда барқарор ривожланишга таҳдид солувчи кўплаб экологик муаммолар пайдо бўлди ва бўлмоқда. Бу борадаги долзарб вазифаларни ҳал этишда инсониятни ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чорлаш, барча эзгу саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида сайёрамизда ҳар йили 5 июнь атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни деб белгиланган.
1972 йилнинг 5 июнида Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг атроф-муҳит муаммоларига қаратилган Бутунжаҳон анжуманидан сўнг масаланинг жиддийлигига эътибор берилиб, БМТнинг атроф-муҳит Дастури ишлаб чиқилган ва маъқулланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ўша йил 15 декабрдаги 2994-сонли резолюцияси билан 5 июнь «Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни» деб эълон қилинган. Бу борада инспекциямиз томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва бу соҳага оид бошқа қонунлар ҳамда кейинги йилларда қабул қилинган бир неча фармон ва қарорлар талаблари асосида тегишли назорат ишлари олиб борилиб, ташкилот, муассасалар ва аҳоли ўртасида суҳбатлар ўтказилмоқда, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аъзамжон ЯКУББАЕВ,
Нуриддин ЛУХМОНХЎЖАЕВ,
Ойбек БОЛТАБАЕВ,
туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспекторлари.

