ШИРИНТОЙЛАРНИНГ ШУКУҲЛИ ДАМЛАРИ
Бу йил Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳар йилгидан ҳам кўтаринки ва байрамона руҳда ўтди.
Айниқса, туманимиздаги мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилган тадбирлар болаларга унутилмас ва завқли онларни туҳфа этди.
«Излаган имкон топади», -деганларидек, 15-мактабгача таълим муассасасига ташрифимиз чоғида мудира Обидахон Исмоилова ва аҳил жамоанинг бир мақсад йўлида олиб бораётган эзгу ишларидан беҳад қувондик. Бир қаватли, мослаштирилган бинода жойлашган муассасадаги ободончилик, озодалик, гуруҳ хоналари ва ёзги айвончаларнинг бугунги ҳолати, ёзги соғломлаштириш мавсуми учун ҳашар йўли билан қилинган бешта душ, албатта, эътиборингизни тортади.
Жонкуяр тарбиячи Раънохон Неъматова ҳамда ёрдамчи тарбиячи Гавҳархон Охунова фаолият кўрсатаётган «Бўғирсоқ» номли биринчи кичик гуруҳ хонасидамиз. Бу ерда ҳамма нарса батартиб. Йўлакларга тарбиячилар қўл меҳнати билан тайёрланган эртак қаҳрамонлари қўйилган. Рўпарада ошхона бурчаги, унинг ёнида ателье, банк, почта, автомобиль тураргоҳи, шифохона, ферма, супермаркет макетлари ва уларга тааллуқли жиҳозлар жойлаштирилган. Бундан мақсад болаларнинг тасаввурини янада кенгайтириш. Ҳомий Жаҳонгир Неъматов совға қилган телевизорда болалар турли кўрсатув, мультфильмларни томоша қилишади.
-Тарбиячи Раънохон Неъматованинг илғор тажрибаларини Азиза Алимова, Зарифа Иминовалар ҳам фаолиятларида кенг қўллашмоқда, -дейди муассаса методисти Мўътабар Ҳамидова. -Улар ҳар бир машғулотни илғор ривожлантирувчи ўйинлардан самарали фойдаланиб ташкил этишаётган бўлса, ҳамшира Муҳайё Набиева, бош ошпаз Шаҳодат Умаровалар болалар саломатлиги доимий назоратга олиниши, мазали таомлар тайёрланишига эришмоқдалар. Жисмоний тарбия йўриқчиси Умида Эргашева турли спорт ўйинларини ташкил этиб, кичкинтойларнинг ҳар бир куни мазмунли ўтишини таъминлаяпти. Мусиқа раҳбарлари Муслим Мамажонов, Баҳодир Бойбобоевлар қўшиқ ва турли рақсларни ўргатишяпти.
Муассасада Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни катта шодиёнага айланиб, шоду хуррамликда нишонланди.
***

«Болаларга беринг дунёни бир кун» мавзусидаги байрам тадбири 16-МТМда тарбияланаётган 160 нафар ширинтой учун айём қувончини ҳадя қилди. Қисқа муддатли гуруҳ тарбиячиси Маъсуда Тожибоева, мусиқа раҳбари Мадина Ўсмиржонова ҳамкорлигида тайёрланган дастурда ота-оналар ҳам иштирок этиб, фарзандларининг олаётган таълим-тарбияси, билими, санъатдаги истеъдодини кўриб, устозларга миннатдорчилик билдирдилар.
Мавлуда УСМОНОВА,
8-МТМ тарбиячиси.
***
14-МТМда саккизта гуруҳда 160 нафар кичкинтой тарбия топмоқда. Муассасада бўлиб ўтган бу йилги байрам тадбири болаларга олам-олам қувонч бағишлади. Мусиқа раҳбарлари Нодира Қамбарова, Умида Қўчқоровалар томонидан тайёрланган байрам дастурида саккизта гуруҳнинг тарбияланувчилари бадиий чиқишлар қилишди. Яҳёбек Жамолов, Камола Абдулбоқиева, Муслима Муҳаммадобилова, Мубина Турғунбоева, Расулбек Бойдедаев, Эъзоза Аҳмаджонова, Гулшода

Султонмирзаева, Муҳаммадзоҳид Рустамжоновлар ўз гуруҳларида энг фаол тарбияланувчи деб топилдилар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. Тарбиячи Мўътабар Эргашева, Муҳайё Маҳаммадалиева, Солияхон Ғайбуллаеваларнинг гуруҳлари «Энг шинам гуруҳ» деб эълон қилинди ва уларга эсдалик совғаларини муассаса мудираси Ёқутхон Асрабоева топширди.
Мўътабар ЭРГАШЕВА,
17-МТМ мудираси.
***
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида 36-мактабнинг жонкуяр ўқитувчиси Маъсуда Маҳаммадалиева томонидан 1-«Г» синф ўқувчилари иштирокида «Болалар – бизнинг келажагимиз» шиори остида тадбир уюштирилди. Покиза Аҳмаджонова, Мадина Ҳамидова, Феруза Жаҳонгирова, Аҳрор Раҳимов, Озодбек Абдулҳамидов сингари билимдонларнинг бадиий дастурдаги ўзига хос чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди.
***
1, 2 июнь кунлари Республика маънавият ва маърифат маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмалари, ЎзХДП туман кенгаши ва Қизил Ярим Ой жамияти туман бўлими ҳамкорлигида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан йўқлов тадбири ўтказилди. Унда туманнинг чекка ҳудудларида яшовчи кам таъминланган оилалар, имконияти чекланган, ногирон болалар хонадонларига ташриф уюштирилиб, уларга юқоридаги ташкилотлар ва ҳомийларнинг совға-саломлари, китоблар, ширинликлар улашилди.
Тарғибот гуруҳи ва «Истиқбол ёшлар қаноти» аъзоларининг байрам дастури барчага манзур бўлди.
Дилмурод АБДУҚАҲҲОРОВ,
Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси мутахассиси.
***

Шундай йўқлов тадбирлари «Болаларга беринг дунёни!» акцияси доирасида давом эттирилди. Туманимиздаги ҳарбий қисм оила аъзолари учун туман маданият бўлимига қарашли «Бирлашган наволари» дастаси, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, 16-мактаб ўқувчилар жамоаси томонидан байрам дастури намойиш этилди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Абдуллаев, ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят, туман Кенгашлари депутати Р.Абдуллаев ҳарбийлар фарзандларини байрам билан қутлашди.
Болажонларга бепул эртак китоблар тарқатилди. Тадбиркорлар Маҳмуджон Ғаффоров, Дилоромхон Баннаева, Анваржон Ғаниевлар жажжиларни музқаймоқ, ширинликлар, салқин ичимликлар билан сийлашди.
Худди шундай тадбир Шифокор маҳалласида партия фаоли Гулчеҳра Мадумарова томонидан уюштирилди. Байрамга бағишлаб болалар ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари партия вилоят, туман кенгашлари ҳамда Шифокор МФЙ раиси М.Маткаримова томонидан тақдирландилар.
Эътиборхон ЮНУСОВА,
ЎзХДП туман кенгаши раиси.

