ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ МУҲОФАЗАСИ – ҲАММАНИНГ ИШИ
Телевизорда севимли кўрсатувингиз намойиши бўляпти ёки уйингизда меҳмон бор. Бирдан чироқ ўчиб қолди. Аниқки, асабингиз бузилди. Нималардир дедингиз. Аммо нега ўчганлиги сабабини ўйлаб кўрдингизми? Яна тайинки, айбни электр ходимларига қўйдингиз. Бу нохуш ҳолатга кўп ҳолларда ўзимиз сабабчи эканимиз бор гап. Кўпинча чироқ ўчишларга фуқаролар ҳовлига ёки кўча қирғоғига электр симини ҳисобга олмай эккан баланд ўсувчи дарахтлар сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда кўпчиликка маълум бўлса-да, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 17 майдаги «Электр хўжалиги объектларини ҳимоя қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Қарорнинг 13-бандида электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича белгиланган:
а) 20 кВт. кучланишли линиялар учун 10 метргача;
б) ер юзасида (уларнинг чекланмаган ҳолатида) сим проекциясидан ҳар икки томондан икки метр четда турган ер участкаси, чекланган параллел тўғри шаклдаги 1000 вольтгача электр узатиш линиялари бўйлаб (биноларга тортилган симлардан ташқари).
Қарорнинг 18, 19-бандларида дарахтлар ва буталарни экиш, кесиш, дала шийпонлари, ҳайвонлар учун қўра, сим тўсиқлар қуриш, токзор ва боғлар учун шпалерлар ўрнатиш, таянч ва симларга чет буюмларни яқинлаштириш, шунингдек, таянчларга чиқиш, спорт майдончалари, стадионлар, бозорлар қуриш ҳамда турли тадбирлар ўтказишни электр тармоғи хўжалиги корхонасининг ёзма розилигисиз амалга ошириш тақиқланган.
Қарордаги мазкур қоидаларга амал қилиш, қарорни тарғиб этиш, электр объектларига ҳалақит қилувчи, электр ўчишига сабаб бўлувчи дарахтларни кесиб олиш ҳамма фуқароларнинг масъул бурчи эканлигини унутмайлик. Шунда асоссиз чироқ ўчишларининг олди олинади.
Фуқароларимизга қарорнинг 50-бандида юқоридаги қоидалар талабларини бузган шахс жавобгарликка тортилишини ва белгиланган тартибда етказилган зарарни қоплаб бериши белгилаб қўйилганлигини эслатиб ўтамиз.
Бекзод БАҲРИДДИНОВ,
туман ЭТК бошлиғи.
Одилжон ЖАББОРОВ,
ТИЧ муҳандиси.

