БАРАКА ҲАРАКАТГА ЯРАША
Мустақиллик мамлакатимиздаги тўрт мучаси соғ ҳар бир инсонга ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшаш учун тенг имконият берди. Барака ҳаракатга яраша, деб бежиз айтишмайди. Айни вақтда яхши яшаш учун интилган одам бунинг уддасидан чиқмоқда.
Юртбошимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу борада янги босқични, янги имкониятлар эшигини очиб берди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча тури бекор қилинди. Маҳсулот ишлаб чиқариш, унга бозор топиш, янги иш ўрни яратиш – бари катта машаққат. Шунингдек, айрим ташкилотларнинг баъзи ходимлари текширув ниқоби остида манфаатлари йўлида уларнинг ишига халал қилиб, ривожланишига ғов бўларди. Мазкур Фармон эса бундай иллатларнинг йўлига тўсиқ бўлди.
Мамлакатимиз тижорат банкларига янги вазифа юклатилди. Яъни, банк ходимлари томонидан аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди. Қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилди. Бунда аҳолига чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш, маиший хизмат каби йигирмадан зиёд йўналишда тадбиркорлик қилиш учун кредитлар ажратилди.
Одамларнинг тадбиркор бўлишларига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Энг муҳими, бу билан минглаб оилаларга барака киради, юз минглаб янги иш ўрни яратилади.
Аслида ҳам йўқдан бор қилаётган, бирни ўнга айлантираётган одам – бунёдкор инсон. Унинг аниқ, ҳаётий мақсади, йўли ва манзили бор, умр мазмуни ҳақида ўз фикри бор, шундан завқ ва ҳаловат топадиган орзу-умидлари бор. Зотан, ўз қарашлари ва мезонларига эга, йўли ойдин, манзили ёруғ халқ карвонини ҳеч қандай куч чалғитолмайди.
Сайдулло СОБИРОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими бошлиғи,
Зуҳриддин ТЎХТАБОЕВ,
бўлим катта инспектори.

