МАСЛАҲАТ МАРКАЗИ – АЁЛЛАРГА ЯҚИН КЎМАКЧИ

Туман марказида туман хотин-қизлар қўмитаси қошидаги аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази очилди.

Унинг тақдимотига бағишланган маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқарова, туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиевлар сўзга чиқдилар. Маросимда таъкидланганидек, ушбу марказ эндиликда туманимиз хотин-қизларига энг яқин қўмак берадиган марказ бўлиб қолади. Бу ерда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими ҳам жойлашган бўлиб, алоҳидадан тиббиёт, психолог, отинойилар, фуқароларни қабул қилиш хоналари мавжуд. Аёллар ўз муаммо ва таклифларига шу ернинг ўзида жавоб олишлари учун масъул раҳбарлар ва мутахассисларнинг қабуллари уюштирилади. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган. Эътиборли томони, шу куни марказга Юртбошимизнинг совғаси – «Спарк» автомобилининг калити ҳам топширилди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Нафисахон Мамасолиева, сектор ҳамда жамоат ташкилотларининг раҳбарлари иштирок этдилар.