ОМАД СЕНГА, МУСОХОН!

Қаҳрамонимиз Навоий маҳалласида яшовчи Мусохон Маҳамадалиев Наманган шаҳар «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртининг 4-босқич талабаси ҳисобланади.

У 4 йилдан бери билим юрти раҳбарияти томонидан бериладиган «Эшон Бобохон» номли махсус стипендия соҳиби. Таълим олиш даврида Қуръони Карим, ҳадис, фиқҳ ва ислом тарихи фанлари билан бирга, араб ҳамда инглиз тилларини мукаммал ўрганмоқда. Билим юртида ўтказилган «Келинг, араб тилида гаплашамиз» танловида, «Қувноқлар ва зукколар» беллашувида ҳамда «Тафсир» мусобақасида у сардорлик қилган гуруҳ биринчи ўринни қўлга киритган. Шунингдек, ислом тарихи фанидан ўтказилган «Сийрат» мусобақасида ҳам Мусохон биринчи ўринни эгаллаган.

Мусохон яқинда Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари ўртасида Тошкент ислом институтида ўтказилган араб тили, фиқҳ, Қуръони Карим, Ўзбекистон тарихи, маънавият фанларини жамлаган «Ягона олимпиада» республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритиб, 2-даражали диплом ва «Артел» телевизори билан тақдирланди.

Иқтидорли Мусохон ўз устида тинмай изланишда. Ҳозирги кунда инглиз тилида «Дунё динлари тарихи» мавзусида илмий ишни ёқлаш арафасида. Унга келгуси ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

Баҳриддин ҚАМБАРОВ,

Наманган шаҳар педагогика коллежи ўқитувчиси.