ПОКЛИК АЙЁМИ

Рамазон ҳайити туманимизда ҳам кенг нишонланди. Байрам арафасида қариялар, ногиронлар, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

-Мавжуд тўртта сектор раҳбарлари томонидан 51 нафар ҳамюртимизга ногиронлик аравачаси, 7 нафарига эшитиш мосламаси уларнинг хонадонларида топширилди, -дейди туман тиббиёт бирлашмасининг тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Маҳаммаджон Ҳайдаров. -Шу билан бирга, ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлардан 96 нафарига ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Улардан икки нафари 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан бепул таъминлаб келинмоқда.

Байрам бўсағасида яна етмиш нафар ҳамюртимизнинг севинчига севинч қўшилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва туман ҳокимлиги томонидан кам таъминланган оилаларга газ плитаси ҳамда газ баллонлари етказиб берилди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосарлари Нафисахон Мамасолиева, Ҳусниддин Маҳмудов, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Расулжон Убайдуллаевлар Президентимиз совғасини ўз эгаларига топширдилар.

15 июнь куни туман марказидаги «Худойберди Эшон» жоме масжидига эрта тонгдан минглаб ҳамюртларимиз жам бўлишди. Туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоевнинг кейинги йилларда халқ фаровонлиги, диний ва миллий қадриятларимизга муносабат масалаларида амалга оширилаётган эзгу ишлар, эътиқод эркинлиги, миллатлараро тотувлик саодати хусусида маърузаси тингланди. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик абадийлигини тилаб, ҳамюртларимиз дуога қўл очдилар.

Ҳайит намозидан сўнг кўчалар, гузарлар, сайилгоҳларда байрам шукуҳи давом этди. Кишилар ўз яқинлари, қариндош-уруғлари билан дийдорлашиб, бир пиёла чой устида гурунглашдилар, суҳбат қурдилар.