ТОМОРҚАДА ЎСТИРИЛГАН «ЗАҲРИ ҚОТИЛ»
Ер, тупроқ ҳаётимиздаги қадр-қимматининг баҳоси йўқ бойликдир. Шу боис тасарруфимиздаги томорқани муқаддас билиб, унга муносабатни ҳам ҳалол-поклик асосига қуриш мақсадга мувофиқ. Чунки ер сенга, оила аъзоларинг, бола-чақангга ризқ-насиба улашувчи, нонингни бутун қилувчи асосий манба ҳисобланади.
Ҳамюртимиз С.А. мана шу ҳақиқатнинг асл моҳиятини мушоҳада қилиб кўрганда, жамиятга кулфат келтирувчи «ажал уруғи»ни экин майдонида хуфиёна парваришламаган, оқибатда бошига бало-ю машмашаларни сотиб олмаган бўларди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ташкил этилган рейд тадбири давомида С.А.нинг хонадони кўздан кечирилди. Натижада 8 туп кўкнор яширинча ўстирилаётгани аниқланди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Судланувчи С.А. айбига тўлиқ иқрорлигини билдириб, ушбу гиёҳванд моддаларни сотиш учун эмас фарзандининг хасталигига даво бўлишини эшитгани сабабли етиштирганини, шу боис енгилроқ жазо берилишини сўраб, мурожаат қилди.
Суд юқоридагиларни инобатга олиб, айбланувчига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинланди.
Фарҳод ШАРИПОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси ёрдамчиси,
Исроилжон ОРТИҚОВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

