“УЙЧИ ТОНГИ”НИНГ НАВОИЙДАГИ НАВОСИ
Яқинда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан Навоий вилояти ҳокимлиги ташкилотчилигида «Нурли наволар» халқаро фестивали ташкил этилди. Фестивалдан кўзланган мақсад қадимий фольклор санъати ва ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг узвий боғлиқлиги, уларнинг буюк маънавий меросимизнинг чинакам сарчашмалари эканлигини кенг тарғиб этиш ҳамда халқимизни, айниқса, ёшларни бу бебаҳо хазинадан баҳраманд этиш эди. 30-31 май кунлари ўтказилган мазкур байрамда туманимизнинг «Уйчи тонги» фольклор жамоаси ҳам муваффақиятли иштирок этди. Жамоамизнинг чиқишлари «Ҳудудга хос бўлган энг яхши дастур учун» номинацияси бўйича баҳоланди. «Уйчи тонги»нинг навоси Навоийда янграб, барчага манзур бўлди. Жамоа Маданият вазирлигининг дипломи ва Навоий вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Нодира МАМАДАЛИЕВА,
туман маданият бўлими бош мутахассиси.

