ФАРЗАНДЛАРИ СОҒЛОМ ЮРТ…
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунларданоқ болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасида «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир», 64-моддасида: «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради» ва 65-моддасининг иккинчи қисмида: «Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади», -деб кўрсатилган.
Ўз навбатида, болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаб беришда суд ва ҳуқуқ тартибот органлари зиммасига катта масъулият юклатилган.
Ўзбекистон Республикасида ривожланган давлатлар қаторида 2007 йил 1 декабрда қабул қилиниб, 2008 йил 7 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни муҳим тарихий ҳужжатдир.
Мазкур Қонуннинг 4-моддаси «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсати» деб номланган. Мазкур моддада бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглиги, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ҳужжатларига риоя этилиши, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш каби вазифалар кўзда тутилган.
Б.КАСИМОВ,
туман маъмурий судининг раиси.

