ХАЛҚ МАНФААТЛАРИНИНГ ЯНГИЧА ИФОДАСИ
Маълумки, аҳоли турмуш фаровонлиги, уларни бизнесдаги муваффақиятини оширишда давлат хизматларининг сифати, тезлиги ҳар қандай мураккаб тартиб-таомиллардан холи экани ва шаффофлигига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари Агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор айни шу мақсадга йўналтирилди. Мазкур соҳанинг ташкил этилиши аҳолининг вақт ва молиявий харажатларни тежаш, фуқароларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш ҳамда коррупцияга қарши курашишга хизмат қилади.
Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари Агентлиги фаолиятидаги сўнгги ўзгаришлар ва янгиланишлардан аҳолини воқиф қилиш мақсадида Наманган шаҳридаги Давлат хизматлари марказида вилоят ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил қилинди.
Даставвал тадбир иштирокчилари Наманган шаҳридаги Республикамиз миқёсида намунавий тарзда ташкил этилган Давлат хизматлари маркази иш фаолияти, унда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шу куни марказ ҳар галгидай фуқаролар билан гавжум бўлди. Бироқ А ва В секторларга бўлинган кабиналарда тирбандлик, навбат кутиш кузатилмади. Ичкарига қадам қўйган заҳоти фуқарони кутиб олган ходим электрон навбат олиш учун махсус электрон қурилма томон олиб келади.
Аризачилар учун ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатиш ҳам аҳоли учун яна бир қулайлик бўлди. Бу ерда кўрсатилаётган 65 та хизмат турига 1 июнь санасидан эътиборан қўшимча нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлими, суғурта, кадастр, шунингдек, Тошкент Давлат юридик университетига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш каби бир неча хизмат турлари ташкил этилган. Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида тез тиббий ёрдам, кафе бар, болалар майдончаси хизмати йўлга қўйилган.
-Беш дақиқада ишим битди, -дейди ҳайдовчилик гувоҳномаси масаласида мурожаат қилган Наманган шаҳрида яшовчи А.Холматов. -Бу ердаги хизмат ҳар қандай кўзбўямачилик ва қоғозбозликдан холи эканига ўзим гувоҳ бўлдим.
Нотариус хизматидан кайфияти чоғ чиқиб келган яна бир фуқаро Д.Шокирова фикрларини қуйидагича ўртоқлашди:
-Ўтган йили бир ой бесамар вақтим кетиб, муаммони ҳал этолмаганман. Бугун таваккал қилиб кўргандим. Буни қарангки, ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликсиз масалага ечим топиб беришди.
Шу куни марказ фаолиятини атрофлича ўрганганлар ўзларига бир қанча янгиликларни кашф қилишди. Медиа-тур доирасидаги таассуротлари, фикр-мулоҳазаларини марказнинг фаоллар залида ташкил қилинган матбуот анжуманида ўртоқлашишди. Анжуман очиқ мулоқот тарзида ташкил қилинди. Саволларга Наманган шаҳридаги Давлат хизматлари маркази, Наманган вилоят ва шаҳар халқ қабулхоналари мутасаддилари жавоб қайтаришди.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

