ИСТЕЪМОЛЧИ МАНФААТИНИ КЎЗЛАБ…
Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасининг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этиш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига ҳамда тегишли қонуности ҳужжатларига амал қилинишини назорат қилиш борасида фуқароларнинг «истеъмолчи» сифатидаги ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан 2018 йилнинг май, июнь ойларида келиб тушган мурожаатлари қонун доирасида ижобий ҳал этиб келинмоқда.
Жумладан, Поп туманида фуқаро Н.Ҳамидованинг Наманган шаҳар, «Сардоба» деҳқон бозори ҳудудида жойлашган «Мега полис» савдо марказида фаолият юритаётган хусусий тадбиркор Н.Нажмиддиновадан «How Cha onv» фирмасига тегишли аёллар оёқ кийимини 85000 сўмга сотиб олганлиги, бироқ оёқ кийими яхши чиқмаганлиги, тадбиркорга мурожаат қилишига қарамай, пайсалга солиб келинаётганлигини маълум қилиб, ушбу сифатсиз маҳсулотнинг пулини қайтарилишида амалий ёрдам берилиши юзасидан мурожаати ўрганиб чиқилди. Хусусий тадбиркор Н.Нажмиддиновага Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари» тушунтирилди.
Шундан сўнг, аризачига 85000 сўм маблағ хусусий тадбиркор Н.Нажмиддинова томонидан қайтариб берилди.
Шунга ўхшаш ҳолатлар Наманган шаҳридан Н.Турғунова, Янгиқўрғон туманидан А.Ҳайдаров билан ҳам содир бўлган. Юқоридагиларга асосан ваколатли органлар иштирокида бу масала ўрганиб чиқилиб, фуқароларнинг муаммолари ижобий ечимини топди.
Шу кунларда ҳудудий бошқарма ва Наманган вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисидаги маълумотларни тарғибот қилиш ҳамда кенг оммага етказиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий истеъмол маданиятини ошириш мақсадида ижтимоий реклама ролиги тайёрланиб, вилоят телерадиокомпанияси орқали мунтазам намойиш этилмоқда.
Абдумалик ОБИЛОВ,
хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бош мутахассиси.

