НАВБАТДАГИ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Шу йил 25 июнь куни Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти туман кенгашининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди.
Уни кенгаш аъзоси Муҳаммадали Қамбаров очди ва олиб борди. Кенгашнинг 2013-2018 йилларда амалга оширган ишлари ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича навбатдаги долзарб вазифалар ҳақида туман ўқув-спорт техника клуби бошлиғи ўринбосари Исроил Абдураҳмонов маъруза қилди.
Маъруза юзасидан музокараларда Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг «Ватанпарвар» бошланғич ташкилоти раиси Ёқубжон Қориев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раисининг ўринбосари Аҳмаджон Турдибоевлар сўзга чиқиб, ўтган даврдаги фаолиятни қониқарли, деб топиб, ўз таклиф, мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг жамоатчилик асосида ишловчи МК «Ватанпарвар» ташкилоти туман кенгашининг раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда МК «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ҳабибулло Жўраев сўзга чиқди. Исроил Абдураҳмоновни туман кенгашининг раиси этиб сайлаш ҳақидаги таклиф маъқулланди.
Шунингдек, тафтиш комиссиясининг ҳисоботи эшитилди, туман кенгаши аъзолари, тафтиш комиссиясининг янги таркиби, вилоят конференциясига делегатлар сайланди.
Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Исмоил МАВЛОНОВ,
МК «Ватанпарвар» ташкилоти туман ЎСТК бошлиғи.

