ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТ
Савол: -Судланганлик қандай ҳолатларда тугалланиши ёки олиб ташланиши мумкин?
Саволга туман маъмурий судининг архивариуси Севара ЖАМОЛОВА жавоб беради.
Жавоб: -Судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 18 сентябрда «Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 13-сонли қарори қабул қилиниб, унда бу ҳолат бўйича бир қанча тушунтиришлар берилган. Чунончи, Жиноят кодексининг 77-моддасига мувофиқ судланганлик ҳолати жазо тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб, у тугалланган ёки олиб ташланган пайтгача давом этади.
Жиноят қонунида шахс судланмаган ҳисобланадиган ҳоллар ҳам мавжуд. Жумладан, қуйидаги ҳолда шахс судланмаган ҳисобланади, агар унга нисбатан:
-жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилган (ЖК 70, 71, 76-моддалари) ёхуд шахс бир вақтнинг ўзида асосий ва қўшимча жазодан биринчи, апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан озод қилинган (ЖК 69, 75, 76-моддалари) бўлса;
-тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса (ЖК 94-моддаси).
Қуйидаги асосларга кўра жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс ҳам судланмаган ҳисобланади:
-жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан (ЖК 64-моддаси);
-қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан (ЖК 65-моддаси);
-айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан (ЖК 66-моддаси);
-жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан (ЖК 66-1-моддаси);
-жиноят содир этган шахс касаллиги туфайли (ЖК 67-моддаси);
-амнистия акти қўлланилганлиги муносабати билан (ЖК 68-моддаси).
Агар судланган шахснинг судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса, айрим асослар бўйича, масалан, айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги (ЖК 66-моддаси), алоҳида ҳолларда эса (оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда) жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги (ЖК 66-1-моддаси) муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилишига тўсқинлик қилади.

