ЕРГА ВА КЎЧМАС МУЛКИНГИЗГА ЭГАЛИКНИ ҲИС ҚИЛИНГ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5065-сонли ҳамда 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сонли Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги «Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида»ги 1043-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур қарорнинг 1-иловага мувофиқ Низоми тасдиқланди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Низом талабига кўра, «Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари кадастр қийматини ҳисоблаш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи тасдиқланган. Бунга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини жалб этган ҳолда, солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг қиймати қайта ҳисобланиши таъминланмоқда. Ушбу ахборотни интерактив режимда олиш имконини берадиган дастурий маҳсулот ишлаб чиқилди ва жорий этиб, «Давергеодезкадастр» қўмитасининг расмий веб сайтига жойлаштирилмоқда.

Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низом талабига кўра кадастр қиймати белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинган жисмоний шахслар мулки бўлган тураржойлар, квартиралар, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари аъзоларининг боғ уйлари (дала-ҳовлилар) учун ҳисоблаб чиқилади. Шу ўринда изоҳлаш лозимки, қуйидаги кўчмас мулк объектлари, яъни қурилаётган, белгиланган тартибда эгасиз деб топилган, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига мувофиқ фойдаланиш учун яроқсиз, деб топилган объектларнинг кадастр қиймати ҳисоблаб чиқилмайди. Кадастр қиймати фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ва фойдаланилаётган кўчмас мулк объектлари учун ҳисобланган тақдирда, ушбу объектлар учун, жисмоний шахслар мулки учун солиқ тўлаш мулкчилик бўйича бошқа ҳуқуқий кафолатларни юзага келтирмайди. Кўчмас мулк объектларида ўзгаришлар аниқланган тақдирда (реконструкция қилиниши, қўшимча жойлар қуриш, қўшимча объектлар ва бошқалар) кадастр органлари томонидан объектларнинг кадастр қиймати қайта ҳисобланади ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳолда солиқ органларига маълумот тақдим этилади. Якка тартибдаги уй-жойларда (дала-ҳовлиларда) асосий бинони аниқлашда бинонинг энг катта умумий майдони ҳисобга олинади. Жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк объектларини кадастр қиймати тўғрисидаги маълумотларни «Давергеодезкадастр» қўмитаси умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тақдим этилади.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» ПФ-5421-сонли Фармонига тўхталиб ўтамиз. Мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган тураржой (ўзбошимчалик билан қурилган иморат)га нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида:

-ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ тураржой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;

-ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса,  эътироф этилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссия тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ҳамда умумий мулк ҳақидаги фуқаролик муносабати ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилиш шарти билан энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади. Бу ўринда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у томонидан қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш хуқуқи берилиб, Ер кодексида кўрсатилгандан ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерлари ҳисобига олиб қўйилади.

Икромжон ПУЗАЛОВ,

«Ермулккадастр» ДКнинг Уйчи филиали раҳбари.