ИБРАТНИНГ ИБРАТЛИ ФАОЛИЯТИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимиздаги сайловолди учрашувида Наманган вилоятида туғилиб ўсган ва миллий маданиятимиз, адабиётимиз, маънавиятимиз, илм-фан ҳамда санъатимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ инсонлар ҳақида сўзлаб: «Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ озодлиги учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Ибрат домла ҳақида тўхталиб ўтишни ўринли, деб биламан», -деган эди.
Дарҳақиқат, 1862 йилда Тўрақўрғонда туғилган Исҳоқхон Тўра Ибрат ўзининг кўп қиррали фаолияти, маърифатпарварлиги, маданиятпарварлиги ва жасорати билан тарихимизда ўчмас из қолдирган фидокор инсон эди.
Халқимизда: «Қуш уясида кўрганини қилади,» -деган гап бор. Инсоннинг болалиги қандай муҳитда ўтса, ўша муҳит руҳида улғаяди. Исҳоқхоннинг отаси Жунайдулла хўжа ва онаси Ҳурибиби отин хат-саводли бўлиб, икковлари ҳам мактабдорлик қилишган. Демак, оилада илм руҳи ҳукмрон бўлган. Шу боис уларнинг фарзанди қалбида илмга иштиёқ ёшлигидан кучли бўлган. Хат-саводи чиқиши билан мадрасада таҳсил олишни бошлаган. Унинг кенг фикрли, изланувчан, маърифат ошуфтаси бўлиб етишувида 1878-1886 йилларда Қўқон адабий муҳити намояндалари Муқимий, Фурқат, Завқий, Хазиний ва Нодим каби даврнинг илғор фикрли, маърифатпарвар сўз санъаткорлари билан ошно тутиниши келгуси фаолиятида катта аҳамият касб этди. Исҳоқхоннинг, шунингдек, Фаробий, Жомий, Навоий ва Шарқнинг кўплаб олиму фузалолари асарларини қунт билан ўрганиши келгусида тарих, адабиёт, тилшунослик масалаларига бағишланган «Луғат ситта ассина» («Олти тил луғати»), ёзувлар тарихига оид «Жомеъ ул-хутут» («Хатлар мажмуи»), хаттотлик санъатига оид 17 хил хат билан ифодаланган асар (бу китоби Туркистон генерал губернатори томонидан фахрий чопон билан тақдирланган), «Илми Ибрат» номли шеърий тўплам, «Тарихи Фарғона» ва бошқа кўплаб асарларнинг яратилишига сабаб бўлди.
1887 йил онаси Ҳурибиби билан Ҳаж сафарига борган Исҳоқхон онаси Жиддада вафот этгач, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарни давом эттирди. Ўндан зиёд Осиё ва Европа шаҳарларида бўлиб, 1895 йил юртига қайтди ва Тўрақўрғон, Хонобод қишлоғида 15 йил қозилик қилди.
Ибрат қалбидаги илмга, маданият ва маърифатга бўлган кучли иштиёқ уни янги-янги фаолият сари ундайди. Сафар чоғида Шарқ ва Ғарб илм-фани, маданияти ва араб, форс, пушту, турк, лотин, грек, ҳинд, хитой, рус, француз, инглиз, арман тилларини ўзлаштирган Исҳоқхон ўз халқи маданияти, турмуш тарзини юқори кўтариш учун саъй-ҳаракат қила бошлади.
1886 йилда ташкил этган мактабини 1907 йилда сафарлари чоғида кўрган янги мактаблари каби замонавий мактабга айлантириб, қишлоқ болаларини ўқита бошлади.
Ибрат домланинг энг буюк ишларидан бири водийда матбаачиликка асос солгани бўлди. Ўз юрти келажагини маърифат ривожида деб билган шоир маърифат тарғиботида матбуотнинг ўрни беқиёслигини англаган ҳолда, 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Қўқонгача поездда, Тўрақўрғонгача туяларга ортиб, минг машаққат ила олиб келди ва ўз ҳовлисида «Исҳоқия» босмахонасини ишга туширди. Босмахона эллик йилдан зиёд эл-юртга хизмат кўрсатди.
Ўтган аср бошларида вужудга келган тузум сиёсати, большовойча бошқарув усули Ибрат дунёқарашига, орзу-умидларига зид эди. Андижонда шоирнинг катта ўғли Аббосхон бир йиғинда отасининг миллий озодликка бағишланган шеърини ўқигани учун диндор тамғаси остида отиб ташланганлиги шоирнинг янги ҳукуматга бўлган ихлосини тамомила сўндирди. Ер-сув ислоҳоти баҳонасида ҳукумат Исҳоқхоннинг отасидан қолган ери, боғини тортиб олди, шоир кичик бир уй ва уч сотих ери билан қолди. Бу ҳам етмай, 1937 йил 7 январь куни НКВД (ИИХК) ходимлари Ибратнинг кўплаб қўлёзмалари, битмаган асарлари ва жамлаган китобларини тўртта қанор қопга солиб олиб кетдилар, ўзини эса халқ душмани, деб ҳукм қилиб, Андижон қамоқхонасига ташладилар. Кўп ўтмай, халқнинг оташин фарзанди Ибрат қамоқда 75 ёшида вафот этди.
Унинг ўғли Ротифхоннинг саъй-ҳаракатлари билан 1959 йил 2 октябрда Исҳоқхон Тўра Ибрат тўла оқланди.
Олим, шоир, эл фидойиси Ибрат ва унга ўхшаш маърифат, маданият дарғаларининг халқ озодлиги, юрт равнақи йўлидаги хизматлари Истиқлол шарофати ила тўла-тўкис юзага чиқмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуслари билан Ибрат домла яшаган Тўрақўрғон тумани марказида қисқа вақт ичида икки гектардан зиёд майдонда сўлим боғ, музей ва мактаб-интернатдан иборат мажмуа барпо этилди. Аллома асос солган боғ ва мактаб бугун ўта замонавий қиёфада янгидан қад ростлади, улуғ алломанинг ушалмаган орзу-армонлари рўёбга чиқди. Умидимиз шуки, бу қутлуғ даргоҳда таҳсил олаётган халқимизнинг зукко фарзандлари Ибрат домладан ибрат олиб, жаҳон тилларининг билимдонлари бўлиб етишадилар ва эл-юртимиз довруғини оламга ёядилар.
Ўринбой МЎМИНОВ.

