ОРЗУСИГА ЭРИШАЁТГАН ФЕРМЕР
Н.Абдуллаев СИУ ҳудудидаги «Хотамбой орзуси» фермер хўжалиги даласидамиз. Бу ерга етиб борганимизда, фермер Хотамбой Низамов мамнунлик билан бизни қарши олди. Фаолиятига эндигина тўртинчи йил тўлаётган фермер хўжалигида бугун олиб борилаётган ишларни кўриб, албатта, кўнглингиз тўлади. Бундан икки йилча аввал мазкур фермер хўжалигига келганимда, очиғи, бирор бир илиқ гап эшитмаган эдим. Хотамбой ака бутун оиласи ва аъзолар билан тинмай ишлагани, меҳнат қилгани, ерга меҳрини бергани – бугун амалда ўз ифодасини топган. Бирини ака, бирини ука, сингил, деб ишловчилар қалбига йўл топди. Хўжалик даласи аҳолига яқин бўлгани боис экинларни пайҳон қилмаслик бўйича ҳар бир хонадонга кириб, тушунтириб чиқди. Экин майдонини ажриқдан тозалади. Ерга керагича ишлов берди. Мўъжазгина шийпонча қурди, ёнида 16,5 х 6 ҳажмда иссиқхона бор, у ерда помидор, бодринг, лимон етиштириляпти. Парранда, чорва ҳам бор. Аъзоларнинг овқатланиши, дам олиши учун қўшимча бинолар қуриш ҳаракати бошланган.
-18 гектар майдонда ғалла етиштириб, шартномавий режани ортиғи билан бажардик, -дейди фермер. -Яхши ишлаган эканмиз, уйимиз донга тўлди. Ортиқчасини аъзоларга тарқатдик. Атайин тарозида тортиб бермадик. Ким нечта қоп кўтариб келган бўлса, қопи бўш кетмади. Ҳамма хурсанд. Бугун бор эътиборни ғўза парваришига қаратганмиз. Мақсадимиз пахтадан ҳам мўл ҳосил олиш.
Дарҳақиқат, 28,5 гектар майдондаги ғўза бугун баравж. 6 тадан бўлиқ қўсак санаш мумкин. Ҳосилга ҳосил қўшиш учун маҳаллий ўғит шарбат усулда оқизиляпти. Тунги суғориш ҳам эътибордан четда эмас. Сувчи Улуғбек Низомов, Каримжон Юсупов, аъзолардан Муножат Мадраҳимова, Муҳаррам Турсунова, Зарифа Жабборовалар барча ишда касбдошларига ўрнак бўлишмоқда.
Фермер хўжалигидан қайтар эканмиз, лафзи ҳалол бундай фермерларнинг сафи янада кенгайишини тиладик.
Муҳаммад АЛИ.

