ТАФАККУРНИ ЧАРХЛАБ…

Ёзги соғломлаштириш ойларида болаларнинг ақлан зўриқиш ва толиқишларини бартараф этиш бош масала.

Шу боис ўқув машғулотлари ўрнини ҳаракатли ўйинлар, спорт мусобақалари, мусиқий кечалар эгаллайди. Бироқ ушбу тадбирлар ўқувчи-ёшларнинг китобга, билим ва тафаккурини бойитишга бўлган интилишларини асло сўндирмайди.

«Китобсиз келажак йўқ!» лойиҳаси доирасида “Баркамол авлод” болалар маркази (директори Ў.Атавалиева) ҳамкорлигида «Уйчи умид ниҳоллари» болалар оромгоҳида ташкил этилган «Китоб – маънавият бешиги» мавзусидаги тадбир юқоридаги сўзларни яна бир карра исботлади. Кечага оромгоҳда дам олувчи 200 нафар ўғил-қизнинг барчаси жам бўлди. Тадбир доирасида ташкил қилинган «Эпчил қиз», «Чаққон йигит», «Ёш ижодкорлар мушоираси» номли беллашувларда олтита гуруҳ вакиллари қизғин баҳсларга киришишди.

Навбат гуруҳ тарбиячиларига етиб келди. Уларни лойиҳа раҳбари, «Уйчинома» газетаси маҳаррири Муҳаммадали Қамбаров, меҳнат фахрийси Жамолиддин Комилов илмий, мантиқий, фалсафий ва тезкор саволлар билан имтиҳондан ўтказишди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир сўнгида янграган куй-қўшиқлар катта-ю кичикни рақсга чорлади. Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчи-ёшлар ҳамда уларнинг устозларига китоблар жамланмаси совға қилинди.