ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНМОҚДА

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, ғамхўрлик, уларнинг бандлигини таъминлаш, келажагимиз эгаларини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, улар қалбида ватанпарварлик, юртга дахлдорлик туйғуларини жўш урдириш, фуқароларни бугунги кундан рози қила олиш ишларига йўналтирилган бир неча давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Жумладан «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастурларининг амалга оширилиши орқали юртдошларимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, фаровонлашиб бормоқда. Бундай давлат дастурларининг мантиқий давоми бўлган «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастурининг қабул қилиниши Юртбошимизнинг «Ёшлар куни»га муносиб совғалари бўлди. Ушбу Дастур уйчилик ёшларни ҳам руҳлантириб, келажакка бўлган ишончини янада оширди. Дастур ижросини таъминлаш бўйича туманимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб, мутасаддилар иштирокида кенгайтирилган йиғилишлар ўтказилди ва истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ҳудудлардаги МФЙ раислари, профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари, хотин-қизлар қўмитаси, ҳудудлардаги бирламчи тиббиёт бирлашмалари шифокорлари, ёшлар етакчиларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳ уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, ёшларнинг муаммо ва камчиликларини тинглаб, таҳлил этиб, туман штабига тақдим қилмоқда. Келажак бунёдкорлари бўлган навқирон авлоднинг эртанги куни учун мустаҳкам замин яратиш билан бир қаторда, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида 30 ёшгача бўлган ҳар бир ёш учун анкеталар тўлдирилиб, туман штабида мутасаддилар томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Айниқса, бошқа мамлакатларга бориб, умидсизларча қайтиб келган ёшлар қатламига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни шундай жаннатмакон юртимизда ҳам ишлаб, чорвачилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, савдо, маиший хизмат, тадбиркорлик каби фаолиятларини ташкил этишлари учун имтиёзли 7 фоизли кредитлар ажратилмоқда.

Сайёра ҒАФФОРОВА,

28-мактабнинг ёшлар етакчиси.