Муҳтарам ота-оналар!

Фарзандингизни киши кўрганда ҳавас қилсин десангиз, ушбуни охиригача ўқинг!

Халқимизнинг маънавий қиёфаси рамзларидан бўлган «Ассалому алайкум», «Яхшимисиз?», «Илтимос», «Кечирасиз», «Раҳмат», «Яхши ётиб туринг», «Яхши дам олдингизми?» каби ёқимли, «Уят бўлади», «Айб бўлади», «Ёмон бўлади» син-гари огоҳ этувчи сўзларни болалар, энг аввало, ўз уйларида ўрганадилар. Улар айнан уйларида ҳалол, одобли, кечиримли, дўст-иноқ бўлиш, илм, одобу тарбия бераётган устоз-мураббий ва катта ёшдагиларга ҳамда миллий урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиромда бўлишни, хонадонни обод қилиш ва жонажон Ватанимизни севишни билиб оладилар.

Болалар фақат уйдагина тинчлик-хотиржамлик, чиройли турмуш  йўлида тинмай меҳнат-машаққат чекаётганлар, тартиб ва саришталикни, нон ва сувни эъзозлаб, уни ўнг қўл билан истеъмол қилишни, исроф қилмасликни, кўчада юриб овқат емаслик ва оғизда овқат билан гапирмасликни, неъматларга шукур қилиш, чиқиндиларни фақат махсус жойларгагина ташлашни, уйда кийимлари ва ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, ўзиники бўлмаган нарсаларга қўл урмаслик кераклигини ўрганишади.

Мактабда эса уларга тил, адабиёт, математика, физика, тарих ва бошқа фанлар ўқитилади.  Ота-оналарнинг тарбия ва ўгитлари мактабдаги таълим-тарбия  жараёни орқали такомиллаштирилади.

Азизлар! Юқорида айтилганларни суюкли фарзандларингизга ўргатинг, билдиринг, таълим беринг. Ҳаётингиз завқли, мазмунли ўтади, иншооллоҳ!