ТАШАББУС ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан зиёди ёшлардир. Бевосита Президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан эртамиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги кун талабига айланди. Қабул қилинаётган қарор, фармонлар ва янги қонунлар ушбу хайрли ишларни амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Биргина мисол, Юртбошимизнинг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида штаб ташкил этилиб, ишчи гуруҳи тузилди. Ҳозирда ишчи гуруҳи мавжуд 56 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ёшлар билан мулоқотлар ўтказиб, уларнинг бандлик, кредит билан боғлиқ масалаларига ечим топиш баробарида янги инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этишларига яқиндан кўмаклашяптилар.

Маълумот учун, биргина 10 кун давомида 30 нафарга яқини иш билан таъминланди. 5 нафардан зиёд фуқаро тадбиркорлик рўйхатидан ўтказилиб, етарли шарт-шароитлар яратилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 нафарга яқин ёш тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлиги мустаҳкамланди. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва туманда «Устоз – шогирд» анъанасини давом эттириш мақсадида 5 нафар аёлга замонавий тикув машинаси топширилди. 25 нафар ёшга биометрик паспорт олишида амалий ёрдам кўрсатилиб, 6 нафарига доимий рўйхатда туриш учун кўмаклашилди. Шунингдек, 110 нафар вояга етмаган ёш турли хил тўгаракларга жалб этилиб, 40 нафардан ортиғига бизнес режа тузиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун амалий ёрдам кўрсатилди. Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин.

Туман ҳокимлигида ташкил этилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида ҳам 4 та сектор раҳбари ҳамда ёшлар вакиллари қатнашиб, келажагимиз ворисларининг таклиф, талаб ва қизиқишлари атрофлича ўрганилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшлар томонидан бандлик, имтиёзли кредит ва янги ғояларни татбиқ этиш билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди. Ёшлар томонидан билдирилган мурожаатларнинг тегишлилиги бўйича мутасаддиларга топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.

Ташаббускор ва шижоатли ёшларни қўллаб-қувватлаш, муносиб рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятларини амалга оширишда кўмаклашиш давлатимиз эътиборида экани юқоридаги мисолларда ўз тасдиғини топмоқда. Олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар жамиятимизда ёшлар ва хотин-қизларнинг яшаш шароитини яхшилаш, доимий бандлигини таъминлаш, шунингдек, оилавий тадбиркорликнинг йўлга қўйилишига кўмаклашишдан иборатдир.

Улуғбек ВАЛИЕВ,

туман прокурорининг катта ёрдамчиси.