ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИНИ МЕНСИМАЙ…
Ҳамюртимиз Д.А. автомобиль бошқаришда анча кўникмага эга эди. Кейин-кейин рулга ўтирганда ўзига бўлган ишонч шу қадар ортиб кетдики, тобора ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига майда-чуйда икир-чикирларга қарагандек муносабатда бўла бошлади. Гўёки “қаҳрамон”имиз наздида ушбу қоидалар кечагина автоулов бошқаришга ўтирган тирмизакларга тегишли эди. Мана шу эътиборсизлик Д.А.нинг бошига мудҳиш воқеаларни солиб қўйди.
Шу йил 12 май куни у отасининг тасарруфидаги «TOYOTA CAMRY» русумли автомашинани «Пунгон – Наманган – Андижон» йўналишида бошқариб кетаётиб, юқори тезлик сабаб қарама-қарши йўлга ўтиб кетади, натижада қаршисида ҳаракатланиб келаётган «Дамас» автомашинаси билан тўқнашув содир этади.
Ушбу кўнгилсизлик натижасида бир неча киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилди. Бир нафари касалхонада ҳаётдан кўз юмди.
Амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 2, 7, 77, 78-бандларини қўпол равишда бузиб, автоуловни бошқармаганда, Д.А.нинг бошига бундай «савдо»лар тушмасмиди, балки. Ана энди беэътиборлик ортидан келган кўнгилсизликлар учун қонун олдида жавоб берадиган бўлди.
Ҳасанбой МАЪМУРЖАНОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи, подполковник.

