ҲАВАС БИЛАН ЯШАНГ

Аллоҳ таоло инсонларни яхшиликка буюради ва ёмонликлардан қайтаради. Бунинг сабаби инсонлар икки дунё саодатига эришишлари учундир. Чунки инсон қилган яхшиликлари, эзгу ва хайрли ишлари билан савобга, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига эришади. Ёмонликлари туфайли гуноҳкор бўлиб жазоланади.

Инсонни гуноҳга, жазога етакловчи амаллардан бири ҳасаддир. Аллоҳ таоло ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ҳам бандаларни ҳасад қилишликдан қайтарганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад билан) орзу қилманглар» («Нисо» сураси, 32-оят). Мусулмон киши бировга берилган неъматни ҳасад билан ўзига ҳам берилишини  эмас, балки бу неъматни Аллоҳдан сўраб, нафсини ҳасаддан сақламоқлиги керак. Чунки ҳасад қилувчи Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиққан бўлади. Бу катта гуноҳдир.

Ҳасад шундай катта жиноят ва гуноҳни келтириб чиқаришлигининг ўзи ҳам унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканини кўрсатади. Ҳасад инсонни ҳидоятдан ҳам тўсиб қўяди.

Халқимизда: «Ҳасад билан эмас, ҳавас билан яша», -деган яхши гап бор. Ҳасад ва ҳаваснинг ўртасида фарқ бор. Ривоят қилинишича, Ҳобил ўз молининг энг яхшисини қурбонлик қилди ва унинг қурбонлиги қабул қилинди. Қобил эса тескарисини қилиб, энг ёмонини қурбонлик қилгани сабаб, қурбонлиги қабул қилинмади. Бундан фойдаланган шайтон Қобилга васваса қилди. Натижада Қобил ўз биродарига ҳасад қилиб, уни ўлдирмоқчи бўлди. Ҳасад орқали бу истак амалга ошди.

Ҳасад ўз ортидан бошқа гуноҳларни ҳам эргаштиради. Ҳасадгўй биродарига ёмон гумонда бўлади. Бунинг натижасида бошқа гуноҳлар келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) марҳамат қилиб: «Ҳасаддан сақланинглар! Чунки, олов ўтинни егани каби ҳасад ҳам яхши амалларни еб тугатади», -деб айтганлар. Бундан кўринадики, ҳасад мисоли оловга ўхшашдир. Олов ёнар экан, у ўз атрофидаги нарсаларни ҳам ёндириб юбориши мумкин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳасадгўй, ёмон иллатли бандалар қаторида бўлишликдан асрасин. Бизларга ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшашдек улуғ неъматни берсин. Ана шу неъмат ортидан Яратганнинг ажру савобларига етишишлик барчаларимизга насиб этсин.

Акрамжон ЖАМОЛИДДИНОВ,

«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.