ДОИМО ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ
Оила – муқаддас даргоҳ. Инсон учун оила қуриш, фарзандларини чин инсон қилиб вояга етказиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ёш ниҳол катталарга ҳурмат-эҳтиромни, кичикларга меҳр-шафқатни, она-табиатни эъзозлашни ва уни кўз қорачиғидай авайлашни, киндик қони тўкилган тупроғи, жонажон Ватани олдидаги бурчларини оила қучоғида ўрганади.
Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, инсонга хос қобилият, иқтидор, фазилату иллатларнинг 80 фоизи 5 ёшгача бўлган даврда шаклланар экан. Демак, ана шу даврда оилавий муҳитнинг соғломлиги катта аҳамият касб этади.
Ёш боланинг қандай инсон бўлиб етишиши кўпроқ оналарга боғлиқ. Она гўдакка оқ сутига меҳрини қўшиб беради. Ана шу меҳр чақалоқнинг бутун жисмига сингиб кетади. Оналар ўз алласи орқали ҳам фарзандларига муҳаббатини намоён этади. Алла болага бериладиган руҳий озуқа, илк тарбия воситасидир. Фарзанд тарбиясида ана шу жиҳатларга катта эътибор бермоқ лозим.
Бир киши донишманддан насиҳат қилишни сўрабди. Донишманд унга: «Ҳовли-жойинг, илму одобинг кимдан қолган? -дебди. У киши: «Отамдан», -деб жавоб берибди. Доно унга: «Шунинг ўзи насиҳатдир», -дебди ва давом этиб: «Агар сен яхшилик қилсанг, яхшилик қолади, ёмонлик қилсанг, ёмонлик қолади», -деган экан.
Муҳайё ҚОЗОҚОВА,
Барнохон ҲАМДАМОВА,
17-МТМ тарбиячилари.

