МУҲИМ ОМИЛ

Сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар қилинди.

Шу билан бирга, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш ва бандлигини таъминлаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг вазифаларига мувофиқ ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, умуман, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармасини, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилади. Жамғарма маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш, жумладан, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорига кафилликлар бериш, Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш, тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш, ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш кўзда тутилган.

Давлат-хусусий шериклик шартларида ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказларини, савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш режалаштирилган.

Ушбу Фармонда кўзда тутилган вазифа-ларнинг изчиллик билан бажарилишини амалга ошириш ёшлар бандлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Шундай экан, барча масъул идоралар ва мутасаддилар бунга жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Фазлиддин МУҲИДДИНОВ,

халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутати.