ПОЙДЕВОРНИ МУСТАҲКАМЛАБ…
Масканимизда «Хайр, боғчам – салом, мактаб!» тадбири кўтаринки руҳда, бир гуруҳ ота-оналар, буви-буважонлар иштирокида ташкиллаштирилди. Бу йил икки гуруҳда 48 нафар тарбияланувчи битирди. Она тилидан ташқари, рус, инглиз тилларида шеър, қўшиқ куйлаётган, рақсга тушаётган болажонларни кўриб, беихтиёр болаликка қайтгандек бўласан киши.
Тадбирни ташкиллаштиришда мактабга тайёрлов гуруҳи раҳбари Ш.Тоҳирова, мусиқа раҳбари С.Абдувалиева, тарбиячилардан Н.Аҳмедова, Н.Холмирзаева, Ф.Боймирзаева, Д.Бозорова, М.Қаҳҳорова, М.Ривожиддинова, Н.Исматова, М.Юсуповаларнинг хизматлари катта бўлди.
-Фарзандларим Ойгул ва Чарос шу боғчада юришади, ишга хотиржам бориб келаман, -дейди ота-оналардан Адиба Отабоева. -Ойгул бу йил 1-синфга чиқади. Ҳозир унинг тадбирдаги иштирокини кўриб, жуда қувондим. Бу муассасада ҳар бир байрам шодиёнаси ўзгача ташкиллаштирилади. Бунинг учун муассаса тарбиячиларига раҳмат.
Ҳозирги кунда муассасамизнинг 8 та гуруҳида 180 нафар бола тарбияланмоқда. Туманимиздаги МТМ тарбиячи ва педагог ходимлар мониторинги натижаларига кўра, муассасамиз 1-ўринни эгаллади. Ёзги соғломлаштириш ойлиги доирасида жисмоний тарбия йўриқчиси А.Маматалиева раҳбарлигида гуруҳлар ўртасида «Соғломжон – полвонжон» спорт мусобақаси ўтказилиб, ғолиб гуруҳларга диплом топширилди.
Аслида масканимизнинг тайёрлов гуруҳида олиб борилган ишлар бошқа муассасаларга ўрнак бўла олади. Боиси бу ерда тайёрланган жажжилар мактаб парталарида ҳам ўзларининг билимга чанқоқликларини намоён этмоқдалар. Буни МТМга қўшни бўлган умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари, маъмурияти, ота-оналар вакиллари кўп бор эътироф этиб, муассасамиз жамоасига миннатдорчилик хатларини йўллаганлар.
Ҳабиба БЕКМИРЗАЕВА,
33-МТМ мудираси.

