ТАҲЛИЛЛАРГА ТАЯНИБ…

Ўтган ҳафтада туманимизда қуйидаги профилактик тадбирлар амалга оширилди:

-туман ҳудудини тўртта минтақага бўлиб, ҳар бир минтақага туман ИИБдан масъуллар, профилактика инспекторлари, бошқа хизмат-соҳа вакиллари бириктирилиб, иш ташкил этилди. Шу куни эрта соат 07:30 да Ёркатай, Шифокор, Дўстлик, Хизиробод МФЙларида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда бириктирилган масъуллар томонидан йўриқномалар берилди, жойларга чиқарилди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профи-лактика қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказиш учун 2 нафар прокуратура, 54 нафар ички ишлар ходими, шундан 32 нафар профилактика инспектори, 52 нафар маҳалла ФЙ раиси, 56 нафар мутахассис, 54 нафар «Посбонлар сардори» жамоат тузилмаси раҳбари тадбирга жалб қилинди.

Тадбир давомида 480 та хонадон, шундан 14 нафари якка-ёлғиз яшовчи қариялар, 28 нафар муқаддам судланган, 11 нафар хорижда узоқ муддат бўлиб қайтган, 21 нафар бошқа тоифадаги шахслар билан профилактик ва ижтимоий суҳбатлар ўтказилди.

Ўтказилган профилактика тадбирлари натижасига кўра, 39 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, маҳалла ФЙ раиси ва унинг маслаҳатчилари, маҳалла фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раислари, «Яраштирув комиссияси», «Посбонлар сардори» жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари, хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг ҳисоботлари эшитиб борилмаганлиги, аксарият жиноятлар маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ҳудуд профилактика инспекторлари билан биргаликда фуқароларнинг оилавий турмуш даражасини ўрганиш, жиноят содир этишга мойил шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни профилактик ҳисобга олиб, самарали профилактик тадбирлар олиб борилмаганлиги натижасида содир қилинганлиги таъкидланди.

Туман ҳудудида жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яширинган айбланувчиларнинг оила аъзолари ва бошқа яқин қариндошларига қонунларни, шу жумладан, Президентимиз томонидан қўлланилган “Афв тўғрисида”ги Фармон мазмуни, моҳияти ҳамда шахсга енгиллик берувчи қонун нормаларини МФЙ фаоллари иштирокида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, диний экстремизм, терроризм ва давлатнинг Конститутциявий тузумига тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш, қидирувда бўлганларни қайтариш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахслар сони туманда 23 нафарни ташкил қилиб, шундан 7 нафари диний экстремизм билан боғлиқ. Улардан 16 нафари бошқа моддалар билан судланган. Қидирувда юрган шахсларнинг 2 нафарига яшаш хонадонларида мутасадди идоралар ва жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тумандаги профилактика куни давомида жами 26 та тарғибот тадбири ўтказилди.

Муродилла ЮНУСОВ,

туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари.