УЗОҚ УМР СИРЛАРИ

Инсоният яралгандан бери узоқ умр кўриш учун ҳаракат қилади. Бу борада изланади, тажрибалар қилади, илмий асарлар ёзади. Энг узоқ яшаган одамлар ҳам барибир ҳаётга тўймайдилар, яна яшасам, дейдилар.

Маълумки, ўтмишда ҳам, бугун ҳам тоғликлар узоқ яшайдилар. Бунинг сабабини кўпинча тоғ ҳавоси, шифобахш гиёҳларда деб ҳисобланади. Аммо тоғликларнинг ҳаёт тарзини чуқурроқ ўрганилса, тадқиқ этилса, бошқа сабаблар ҳам борлиги маълум бўлади.

Озарбайжонларнинг Ленкоран, Лерик туманлари ва Тоғли Қорабоғда узоқ яшаши оддий ҳол. Бу ерларда юз ёшдан ошганлар кўпчиликни ташкил этади. 1973 йилда вафот этган Шерали Муслимов 168 йил умр кўрган. У Наполеон даврини яхши эслаб юрар экан. Узоқ яшовчилар, асосан тоғ қишлоқларида умргузаронлик қиладилар. Уларнинг фикрича, турмуш тарзини тўғри ташкил этилса, инсон бемалол 110-120 йил яшар экан.

Тоғликлар соат 21.00-22.00 даёқ уйқуга ётадилар, 5.00-6.00 ларда уйғонадилар. Кечгача рўзғор ишлари, уй юмушлари, ҳайвонлар парвариши билан машғул бўладилар. Бу машғулотлар уларга ҳаётдан қониқиш ҳиссини пайдо қилар экан.

80-90 ёшлилар ҳам кунига 5-6 км. пиёда юрадилар, меҳмондорчилик ва бошқа маросимларга  пиёда борадилар. Анъанавий егуликлар (гуруч, сабзавот, қўй гўшти)ни истеъмол қиладилар. Тўйгунча емайдилар, булоқ сувини ичадилар. Олимлар фикрича, сифатли сув саломатлик ва узоқ умр гарови экан. Уйқу олдидан сут маҳсулотлари, асосан қатиқ ичадилар.

Бу одамлар ўта оғир-босиқ бўлиб, ҳаётга файласуфона ёндашадилар: ҳеч кимга ҳасад қилмайдилар, ҳеч ким билан сан-манга бормайдилар, жаҳл қилмайдилар, ҳашаматга берилмайдилар.

Яқинлари вафот этса, иззат-икром билан кузатадилар, дод-вой қилмайдилар. «Дод-вой солиш марҳумни тирилтирмайди, ўзинг руҳан эзиласан, соғлиғингни йўқотасан,» -дейишади.

Тоғ одамлари сўққабошликда ҳаёт кечирмайдилар, турмуш ўртоғи вафот этган эркак ҳам, аёл ҳам юз ёшда бўлса-да, қайта турмуш қурадилар. Ҳадеганда, шифокорга мурожаат қилмайдилар, юрак, жигар, буйрак каби аъзоларини эҳтиёт қиладилар, кексалик паришонхотирлиги ҳам деярли учрамайди. Шамоллашса, совуқ усул билан даволанадилар, антибиотик қабул қилмайдилар.

Умрзоқлар оилада иззат-икромда яшайдилар, уларга эътиборсизлик қилинмайди. Кексалар тўй-ҳашамларда, турли байрам ва бошқа маросимларда энг эъзозлилар сифатида ҳурмат қилинадилар. Бу ҳам узоқ умр кўришнинг омилларидан биридир. «Кекса киши эътиборсиз қолса, хароб бўлади,» -деб ҳисоблашади.

Табаррук ёшли инсонлар узоқ умр кўриш учун қуйидагича маслаҳат берадилар:

-маблағни ейиладиган, ичиладиган неъматлар ҳисобидан эмас, балки қимматбаҳо либослар ва қасрмонанд уйлар ҳисобидан тежанг;

-кўпроқ ҳаракатда, меҳнатда бўлинг, ишга шахсий машинада эмас, жамоат транспортида ёки пиёда боринг;

-кайфиятингиз доимо кўтаринки бўлсин, бўлар-бўлмасга уни бузаверманг;

-доимо рост сўзланг, ҳеч кимни алдаманг;

-ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлинг, бировлар умрига умр қўшиш билан ўз умрингизни узайтириб боринг;

-фақат ҳавас билан яшанг, ҳасад сизга бегона бўлсин;

-оила тинчлиги, тотувлиги узоқ умр, барака ва бахт калитидир.

Азизим, юқоридаги маслаҳатларга амал қилсангиз, ер юзининг қаерида бўлсангиз ҳам, узоқ умр кўрасиз.

Ўринбой МЎМИНОВ тайёрлади.