ЎҚИГАНИНГ – СЕНИКИ
Душанба куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида «Китоб – тафаккур хазинаси» мавзусидаги китоб марафонининг 1-босқичи ўтказилди. Унда тумандаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари ҳамда туман фаоллари иштирок этдилар. Тадбирда марафоннинг мақсад ва вазифалари ҳақида қисқача таништириб ўтилди. Хусусан, китоб мутолааси ва китобхонлик даражасини кучайтириш, туман марказида китобхонлар учун бепул кутубхона ташкил этиш, жаҳон ва ўзбек адабиётининг юксак намуналари, буюк мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижоди, аждодларимизнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги билимларни кенг ёйиш тадбирнинг бош мақсади экани ҳақида маълумотлар берилди.
Туманнинг чекка қишлоқларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болалар, ногиронлиги бор оилалар хонадонига ташриф буюриб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китобга бўлган меҳр-муҳаббатларини янада ошириш каби вазифалар айтилди ва мутасаддиларни марафонни кўтаринки руҳда ўтказишга чорланди.
Шундан сўнг йиғилиш иштирокчиларига китоб тарғиботи бўйича махсус роликлар намойиш этилди. Марафонда бир қатор фаоллар тадбир юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, кенгаш китоб фондига турли китобларни тақдим қилдилар.
Дилмурод АБДУҚАҲҲОРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси етакчи мутахассиси.

