«ИБРАТЛИ ОИЛА»ЛАР БАҲСЛАШГАНДА…
Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 38-мактабда «Ибратли оила» кўрик-танлови ўтказилди.
Республика «Оила» илмий-амалий маркази туман бўлими раҳбари Салимахон Юнусова кўрик-танловда иштирок этаётган барча оила вакилларини муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларга, хусусан, оилаларга яратилаётган шарт-шароит, имкониятлар тўғрисида сўзлади.
«Бу менинг оилам» мавзусидаги 1-шартда тадбир иштирокчилари ўзларининг жамиятда тутган ўринлари, оиласи, касб-кори, севимли машғулоти, ўзаро муносабатлар, оиладаги анъана ва қадриятлар бўйича баҳслашдилар.
«Оила – муқаддас қўрғон» номли 2-шартда иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, оила институтини мустаҳкамлаш юзасидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва маънавий-маърифий йўналишдаги саволларга жавоб бердилар. «Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги» шартида оилавий ҳаётда учрайдиган қайнона-келин муносабатлари, тўй-ҳашам, фарзандлар тарбиясида йўл қўйилган камчиликлар, нотинч оилалар, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ва уларга барҳам бериш йўллари саҳна кўринишлари орқали намоён этилди.
Тадбирда Жамилахон ва Машраббой Носировлар оиласи (Муборак МФЙ), Гулчеҳрахон ва Нурматжон Раҳмоновлар оиласи (Оқтош МФЙ), Замирахон ва Содиқжон Маҳамовлар оиласи (Боғ кўча МФЙ), Хадичахон ва Маҳмуджон Мирзамаҳмудовлар оиласи (Тепасарой МФЙ), Марғубахон ва Ҳабибулло Узоқовлар оиласи (Хўжаобод МФЙ), Гулбаҳор ва Баҳромжон Холмирзаевлар оиласи (Янгичек МФЙ) иштирок этиб, ғолиблик учун курашдилар.
Танлов якунига кўра, мутлақ ғолиблик Гулчеҳрахон ва Нурматжон Раҳмоновлар оиласига насиб этди ва улар туман босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Иштирокчи оилаларга «Оила» илмий амалий маркази туман бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди.
Умиджон СУЛТОНОВ,
жамоатчи мухбир.

