КЕНГ КЎЧА ТОРЛИК ҚИЛСА…
Кишининг бозордан дили хуфтон бўлиб қайтиш ҳоллари бот-бот учрайди. Бу пештахталар, ёймалардаги товарлар нархининг беқарорлиги билангина боғлиқ эмас. Кўпинча сотувчиларда савдо-сотиқ маданиятининг етишмаслиги (аниқроғи йўқлиги) кўнгилсизликларга сабаб бўлади. Оддийгина савдо учун жой талашиб, ёқавайрон бўлаётганларни қадамда учратасиз. Ҳеч ким бир-бирига ён беришни истамайди. Оқибатда атрофдаги харидорларнинг ҳам кайфияти бузилиб, асаблари таранглашади. Бироқ кўнгилсизликларнинг «каттаси» ўша жанжалкаш бошига тушиши ҳақида ўзи ўйлаб кўрмайди.
Ана шунга мисол бўла оладиган воқеа туманимизнинг Тошлоқ маҳалласи ҳудудида юз берди. Ёши элликни қоралаб, «оқ-қора»ни ажрата олиш ёшига етган Р.Н. бозорда олди-сотди билан тирикчилик тебратар, оиласи, 3 нафар фарзандини таъминларди. Бозордан қайтган мева-чеваларни кечки пайт маҳалласининг ўзида – кўча бўйида сотишга одатланганди.
Шундай кунларнинг бирида Р.Н. маҳсулотини ёйган жойга ўзининг яқин қариндошлари, уч нафар ака-ука савдо қилиш мақсадида етиб келади. Кенг кўчада қариндош-уруғлардан бўлак сотувчи бўлмаса-да Р.Н. ғашлик қила бошлайди. Бошқа жойда савдо қилишни буюради. Орада даҳанаки жанг кучайиб кетади. Охири Р.Н.дан жабрланган О.Қ. мушт зарбидан ҳушини йўқотади.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Айбланувчи Р.Н. га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Тўғри, қаҳрамонимиз панжара ортидан қутилиб қолди. Аммо юзага келган кўнгилсизликлар, беҳаловатлик, қолаверса, бола-чақаси ризқининг қийилиши кенг кўчада жой талашишга арзирмиди? Йўқ, албатта. Бундан хулоса ясаш эса сизнинг ҳукмингизга ҳавола, азиз ўқувчи.
Жамшид МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

