ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАР ТАРҒИБОТИ

Жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ж.Мамуров ва туман маъмурий судининг раиси Б.Касимов яқинда Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти туман ўқув-спорт техник клуби маъмурий биносида ташкилот ходимлари ҳамда ўқувчилари иштирокида очиқ мулоқот ўтказдилар. Б.Касимов оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судларда кўриб чиқиш, давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан чиқарилган ва жисмоний ҳамда юридик шахслар манфаатларини бузувчи қарорлари хусусида сўзлади. Ж.Мамуров эса порахўрлик жинояти тушунчаси ҳамда унинг салбий оқибатлари тўғрисида гапириб, туман судининг ҳукмига кўра, А.Б. исмли шахс Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ инспекторига таниши томонидан харид қилинган автомашинани шу куннинг ўзида доимий рўйхатга қўйиб, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини расмийлаштириб, вақтинча эмас, доимийга давлат рақам белгиси берилишини, эвазига моддий манфаат таклиф қилиб, 120 минг сўм пулни берган вақтида ушлаганлик ҳолати бўйича айбдор деб топилиб, қилмишига мувофиқ жазо тайинланганини айтиб ўтди. Йиғилишда жамиятимизда коррупцияга қарши биргаликда курашиш лозимлиги, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда уларнинг ўзлари ҳам фаол бўлишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Нуриддин АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг архив мудири.