АВТОУЛОВЛАР СОЗ БЎЛСИН

Бугун олдимизда турган глобал муаммолардан бири атмосфера ҳавосини автомобиль воситаларидан чиқаётган зарарли моддалардан муҳофаза этишдир. Зарарли моддаларни камайтириш учун турли технологик жараёнларни қўллаган ҳолда кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Автомобилларнинг техник ҳолати юқори даражада бўлмоғи зарур. Автомобиль транспорти дудбуронидан чиқаётган ис гази миқдорини меъёрида сақлаш, карбюраторларнинг нормал ишлашини таъминлаш, атмосфера ҳавосини асраш демакдир. Автомобиль мотори I режимда ишласа, унинг дудбуронларидан чиқадиган ис гази 1,5, II режимда ишласа, 1 фоиздан ошмаслиги шарт. Одатда, детонациянинг олдини олиш мақсадида бензинга тетраметил ва тетраэтил қўрғошин моддалари қўшилади. Қўрғошин уларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Дудбурондан чиқадиган зарарли моддалар қўрғошин қўшилганда кучли заҳарга айланади. Бунинг олдини олиш мақсадида бензинга тетраэтил моддасини қўшмаслик ёки камроқ қўшишни назарда тутувчи технологияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирда ҳавога ажралиб чиқаётган азот оксидининг 30-60 фоизи, ис гази ва карбонат ангидриднинг 40-90 фоизи, қўрғошиннинг 35-95 фоизи, қаттиқ заррачаларнинг 10 фоизи, SO2 ва канцероген моддаларнинг 5 фоизи бевосита автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни талабларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 1996 йил 31 мартдаги 12/79/137-сонли «Тоза ҳаво» ойлиги тадбирлари ўтказиш тўғрисида»ги қўшма буйруғига асосан Республикамиз миқёсида бўлгани каби вилоятимиз ҳудудида ҳар йили икки босқичда «Тоза ҳаво» назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Иккинчи босқич 10 августдан 10 сентябрга қадар ўтказилади.

Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад кўчма ифлослантирувчи манбалар устидан давлат назоратини амалга ошириш, автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалаларига кенг жамоатчилик диққатини жалб қилиш ҳамда фуқаролар ва корхоналарнинг табиатни муҳофаза қилиш қонунлари талабларига риоя этишларидан иборатдир.

Ўйлаймизки, транспорт воситасига эга бўлган туманимиздаги барча ҳайдовчилар мунтазам равишда ўзлари бошқараётган транспорт воситасининг соз ҳолда бўлишини ҳамда экологик талабларга жавоб беришини таъминлайдилар, транспорт воситаларидан чиқаётган чиқинди газларнинг рухсат этилган меъёрдан ортишига йўл қўймайдилар.

Биз нафас олаётган ҳаво мусаффо бўлса, унинг таркиби экология ва санитария қоидалари талабларига жавоб берсагина, фуқароларимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаган бўламиз.

Илҳомжон СОДИҚОВ,

Шерзод УМИРЗАҚОВ,

Араббой АЗИМОВ,

вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманга бириктирилган инспекторлари.