АДАБИЁТГА МУҲАББАТ ЖАВОБСИЗ ҚОЛМАС

Шифокор маҳалласидаги Исоқжановлар хонадони том маънода китобхонлар оиласи. Аждодлардан мерос бўлиб келаётган оилавий кутубхонада тўрт мингдан зиёд китоб мавжуд.

-Ушбу кутубхонамизга раҳматли бобом Болтавой Нуралиев асос солган, -дейди хонадон соҳиби Фарҳоджон. -Кейинчалик ота-онам Эркинжон Исоқжанов ва Адолатхон Нуралиева китоб фондини асраш, бойитишга жуда катта ҳисса қўшдилар.

Оилада фарзанд камолотида китобнинг ўрни нақадар беқиёслиги ушбу хонадон мисолида яққол намоён бўлади. Тўнғич фарзанд Ширин ота-онаси Фарҳоджон ва Зулхуморнинг изидан бориб, НамДУнинг рус тили ва адабиёти факультетига грант асосида ўқишга кирди ва имтиёзли диплом билан битирди. Ўртанчалари Шерзоднинг муваффақияти бундан-да залворли бўлди. У Тошкент халқаро «Westminster» университетини грант асосида ўқиб, имтиёзли тамомлади. Эндиликда АҚШнинг Калифорния штати Сан-Франциско шаҳридаги «Golden Gate» университети магистрантига айланган Шерзод куни кеча Қўшма Штатларга жўнаб кетди.

Оиланинг кенжаси Шаҳзод ҳам ўтган йили ўз билим ва кўникмаларини жиддий синовдан ўтказди. У 6-синфлар ўртасида ўтказилган “Билимлар беллашуви”нинг туман босқичида рус тили фани билимдони сифатида фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Фарзандлар эришилган муваффақиятда тўхтаб қолмасликни оналаридан ўзлаштиришган. Зулхумор – 3-мактаб ўқитувчиси. У ўтган ўқув йилида «Йил ўқитувчиси» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби, республика босқичида кучли бешлик сафида эътироф этилди. Услубий қўлланмалари ва дарс ўтиш методикаси мамлакат миқёсида бир неча бор оммалаштирилган. Жорий йилда ўтказилган «Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг I Республика съезди»да ўз маърузаси билан қатнашди. Хуллас, оила аъзоларининг эришган ижобий натижалари замирида китоб мутолаасига бўлган интилиш ва иштиёқ ётади. Бу хонадоннинг анъаналари бугун мустақил ҳаёт бўсағасида турган ёш оилаларга ибрат бўлса, ажаб эмас.

Абдулҳаким НИШОНОВ.