МУТОЛАА – МАЪРИФАТ ЙЎЛИ
Янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган илк иш кунида мактабимиз директори томонидан жамоа аъзоларига бир қатор топшириқлар билан бирга, ой давомида камида тўртта бадиий китоб ўқиш вазифаси топширилди. Бу, албатта, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ўтказилаётган китобхонлик тарғиботи тадбирларидан яна бири эканлигини кўпчилик билади.
Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг иккита қиссасини ўқиб чиқиш учун вақт топдим.
«От кишнаган оқшом» асаридаги асосий қаҳрамон Зиёдулла чавандознинг асар охирида Тарлон лақабли қадрдон отига «Сен менинг акамсан», «Сен менинг укамсан», «Сен менинг биродаримсан», -деган гаплари замирида отнинг эгасига қанчалар вафодор эканлиги ётган бўлса, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида фарзандсиз ўтаётган бўлсалар-да, бутун умрларини бир-бирлари учун бахшида этиб яшаётган эр-хотиннинг бу ёруғ дунёдан фарзандсиз ўтиб кетганликлари одамни беихтиёр чуқур ўй-хаёлларга чўмдиради. Халқимиз орасида ҳали туғилмаган фарзанди учун, туғилса, ўқийди, -деб китоб олиб юрадиганлар бор. Азиз ота-оналар, биз эса мактабга чиққан, ҳатто вояга етган фарзандларимизга китоб олиб бериш ҳақида ўйламаяпмиз.
Ўтган ойнинг охирларида, аниқроғи, 25 июль куни Фарғона вилоятининг Яйпан қишлоғига бир курсдошимизникига тўйга бордик. Биз билан бирга борган курсдошларимиздан бири – 25 йил олдин шу хонадонга тўйга келганимизда тўй эгалари ва маҳалладагилар суҳбат давомида машҳур француз адиби А.Дюманинг «Граф Монте Кристо» асари ҳақида баҳслашганликларини айтиб берди. Кейинчалик билсам, машҳур болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев ҳам ушбу қишлоқда туғилиб-ўсган экан. Нурсух қишлоғи марказида эса севимли адибимиз Ғафур Ғуломнинг ҳайкали қад ростлаб турибди. Мана маънавиятга эътибор! Ҳа – дедим ўзимга-ўзим, бекорга бу қишлоқнинг халқи маданиятли, маърифатли эмас экан.
Китоб ўқинг, китоб сотиб олинг, оилавий китобхон бўлинг. Ҳаётингиз мазмунли, бахтли ўтади, азизлар.
Шокиржон БОЙХОНОВ.

