АРЗОН, СИФАТЛИ, ҚУЛАЙ

Туман марказида жойлашган «Мактаб ярмаркаси» шу кунларда харидорлар билан гавжум.

Тадбиркорлар Равшан Юнусов, Мирзоҳид Исмоиловлар томонидан ташкил этилган ушбу ярмаркада ўқув қуроллари, ўқитувчи ва ўқувчилар учун турли кўргазмаларни танлаш имконини беради. Ҳисоб-китоб нақд пул, пластик карточка йўли билан амалга оширилиши аҳолига қулайлик туғдиради.

Чакана ва улгуржи нархлар орасида тафовут сезилмайди.

–Фарзандларим билан «Мактаб ярмаркаси»га келдик, нимани истасак, ҳаммаси бор, –дейди Шифокор МФЙда яшовчи Собиржон Мирзараҳматов. –Бозордаги мактаб анжомлари ва кийимларни кўриб, болалигим ёдимга тушди. Акам ё опам олган мактаб анжомларини алмашиб тутардик. Биримизга бўлса, бошқамизга етмасди. Онам эски матолардан осма сумка тикиб берарди. Худога шукр, бугун бошқача, тинч ва осойишта юртимизда болаларимиз учун барча шароитлар яратилган. Фарзандларимиз камолоти йўлида шундай шароитлар яратиб берилаётганидан мамнунмиз.