ИСЛОҲОТ ИНСОН УЧУН
Мустақиллик ва ислоҳот тушунчаларига муштарак сўзлар сифатида қарашимиз табиий, албатта. Чунки фақат мустақил давлат ва мустақил жамиятдагина ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Ислоҳотлар инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун зарур шароит яратади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида 2017-2021 йилларда ривожланишнинг бешта устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси» ишлаб чиқилди. Бунга кўра, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш давлат бошқаруви ва давлат хизмати ролини кучайтириш, жисмоний ва юридик шахсларга «ягона ойна» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш белгиланди. Хусусий мулк ва тадбиркорларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш соҳасида қатор қарорлар тасдиқланиб, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун шароитлар яратилди, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бунга кўра ҳар бир туман ва шаҳарлардаги «Ягона дарча» марказлари негизида Давлат хизматлари марказлари ташкил этилди ва уларда фуқаролар, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Бугунги кунда марказ томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига экспериментал хизмат турлари билан биргаликда 100 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ оддий аҳоли қатлами ва тадбиркорларнинг энг қимматли вақтлари ва харажатлари тежалмоқда.
Келгусида аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида марказ фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги қўшимча хизматлар кўрсатиш ва туман марказида замонавий марказ биноси қурилиши кўзда тутилган.
Нодирбек ДАДАХОНОВ,
туман Давлат хизматлари маркази директори.

