ИСТИҚБОЛ РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

30 август куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида мактабгача таълим муассасалари ходимларининг анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Кенгашда туман ҳокими в.б. Муҳаммадаюбхўжа Апақов соҳа ходимларини байрам билан муборакбод этиб, улар олдида турган вазифаларни белгилаб берди. Бир гуруҳ илғорларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғаларини топширди.

Кенгаш давомида туман МТБ мудири Маҳбубахон Абдуллаеванинг йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, мактабгача таълим муассасаларида «Ўзбекистон Республикаси илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланиши бўйича Давлат талаблари», «Илк қадам» мактабгача таълим муассасаларининг Давлат таълим дастури ижросини таъминлаш борасида 2018-2019 ўқув йили учун мўлжалланган вазифалар юзасидан маърузаси тингланди. Мактабгача таълим бўлими шўъба раҳбари М.Солиева музокарага чиқди.

Тадбир давомида 38-МТМнинг «Ёш рақс гулдастаси» қизлари томонидан бадиий дастур намойиш этилди. Якунда соҳанинг илғор ходимларини вилоят мактабгача таълим бошқармаси вакили Хуршид-бек Убайдуллаев, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоевлар эсдалик совғалари билан тақдирладилар.