МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИД
Бугунги кунда коррупция жиноятига жуда катта салбий ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса сифатида қаралмоқда. Чунки у жамият тараққиётига хавф солиб, ижтимоий муносабатларни издан чиқаради. Коррупция жинояти «хуфиёна иқтисодиёт»нинг ривожланишига замин яратади. Бу иллат, асосан, давлат ҳокимияти тузилмаларининг турли бўғинларида фаолият юритаётган иродаси бўш инсонларни ўз домига тортади.
Ҳар бир соҳада босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар замирида инсон ва унинг манфаатлари ётади. Зеро, бугунги кунда жамият тараққиёти юксалишида юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни борлиги қувонарли ҳол. Демак, эришилаётган ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг ортида халқимизнинг машаққатли меҳнати бор. Ана шундай муваффақиятларга эришишда тўғрилик, соф виждонлилик, давлат мулкига хиёнат қилмаслик каби хислатлар асосий ўрин тутишини жуда яхши биламиз. Лекин, аксарият ҳолларда юқоридаги хислатларга амал қилмаган шахслар жиноятга қўл урадилар. Бундай жиноятлар коррупция атамасини ифода этади.
Коррупция – лотинча сўз бўлиб, ўзбекчада «айниш», «порага сотилиш» ёки «бузиш», «йўлдан оздириш», «оғдириб олиш» каби маъноларни англатади. Моҳиятан амалдорларнинг ўзларига мансаблари бўйича берилган ҳуқуқларни ва ишониб топширилган давлат ваколатларини шахсан бойиш, моддий ёки номоддий наф кўриш ниятида суиистеъмол қилишлари, бундай нафни қонунга хилоф равишда бошқаларга тақдим этишлари билан боғлиқ амалиёт саналади. Кўпинча уюшган жиноий гуруҳларга кўмаклашиш учун давлат хизмати имкониятларидан фойдаланишда намоён бўлади. Коррупция, айниқса, давлат аппаратлари ва парламентлар фаолиятида чуқур илдиз отади, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини поймол қилиб, халқ орасида жиддий норозилик уйғотади. Оқибатда, фуқароларнинг давлат идораларига ва адолатга ишончини йўқотади, инсон маънавиятига путур етказиб, жамият ва мамлакат тараққиётига салбий таъсир кўрсатади.
Умумлаштириб айтганда, коррупция, энг аввало, давлат ва миллат хавфсизлигига таҳдид солишдир.
Коррупция миллий хавфсизлигимизга, давлатимиз ва маънавиятимизга ҳамда буюк келажагимизга рахна солувчи таҳдидлигини чуқур англаб, бу ёвуз иллатга қарши курашишда ҳар биримиз масъул бўлган ҳолда ва ҳамкорликда курашишимиз лозим.
Агарда божхона органи ходими томонидан таъмагирлик ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Наманган вилоят божхона бошқармасининг 0-369-234-33-01 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Равшан АСҚАРОВ,
вилоят божхона бошқармаси масъул ходими.

