ОРЗУЛАР УШАЛГАН КУН

туманимизда Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами кенг тантана қилинди

Дунёда икки юздан ортиқ мамлакат, 6,5 мингга яқин тил бор. Ҳар қандай давлат, ҳар бир тилда истиқлолга маънодош сўз ўзгача улуғворлик, тантанаворликда жаранглайди.

Дарҳақиқат, бундан 27 йил бурун она диёримиз узра қуёш бошқача тароват ва меҳр билан нур соча бошлади. Мустақиллик ҳар бир юртдошимизнинг қалбига тинчлик-омонлик, эркинлик, ҳаловат олиб келганлиги, энг улуғ, энг азиз айём сифатида йиллар ўтгани сайин сервиқорлиги-ю салобати билан юксакларга парвоз қилаверади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

«Мустақиллик куни қутлуғ бўлсин!», «Айёмингиз муборак!», «Байрамингиз билан!».. 28 август куни эрта тонгдан қўл сиқишиб, елка олишиб бир-бирлари билан кўришган ҳамюртларимизнинг мулоқотлари ана шундай сўзлар билан бошланди. Шу куни туман марказидан тортиб Уйчи – Чортоқ автомагистраль йўлининг икки тарафи ўзгача ҳусн ва тароват касб этди.

Туман марказий «Пахтакор» стадионига кираверишда карнай-сурнайнинг шўх садолари барчани байрам тантанасига чорлади. Ичкарига киришдан тортиб икки тарафда туман халқ таълими, туман мактабгача таълим бўлимларига қарашли муассасалар, касб-ҳунар коллежлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг байрам ярмаркаси ташкил этилган. Унда намойиш қилинган миллий ҳунармандчилик, касаначилик, зардўзлик, ёғоч ва темирга ишлов бериб, қўлда ясалган буюмлар томошабинлар эътиборини тортади, уларга завқ улашади.

-Мустақиллик байрамини бу йил ўзгача кўтаринкиликда қарши оляпмиз, -дейди 34-мактаб директори Марғубахон Атаева. -Таълим соҳасини ислоҳ қилишга оид Президентимиз ва ҳукуматимиз Фармон, қарорларини ҳаётга татбиқ этиш, янги ўқув йилини зўр шижоат билан қарши олишга бутун жамоа якдилликда камарбаста бўламиз.

Бугун Ўзбекистонга қизиқиш билдираётган хорижлик инвесторлар сафи ҳар қачонгидан-да кўп. Туманимизда инвестиция муҳитини ривожлантиришга киришаётган «BJSICOMA» МЧЖнинг мамлакатимиздаги расмий вакили Ли Жан Жун ҳам байрам тантаналарида қатнашар экан, дил сўзларини шундай изҳор этди.

-Ўзбекистон аҳлини мустақиллик байрами билан муборакбод этиш бахтига муяссар бўлганимдан бағоят мамнунман. Туманингизда ўтказилаётган тантаналар таассуротлари бир олам. Ниятим, саховатли халқингиз билан ҳамкорликда бошлаётган ишимиз хайрли ва бардавом бўлсин.

Соат миллари 10.00 га борганда байрамона руҳ ва шукуҳ ўзида намоён бўлган «Пахтакор»  стадиони янада гавжумлашди. Яшил майдон ўртасига ўрнатилган саҳна, атрофидаги турли безаклар, байрам шиорлари ва чақириқлари, йилномалар акс этган турли фотолавҳалар барчанинг эътиборини  тортади. «Чорлов» мусиқаси янграб, табрик учун сўз туман ҳокими в.б. Муҳаммадаюбхўжа Апақовга берилди. Туманимиз раҳбари барчани байрам билан самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилди.

Туман маданият бўлими томонидан тайёрланган бу йилги театрлаштирилган байрам дастурида ҳар йилгидан бошқача ва кўтаринки руҳ  намоён бўлди. «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» эзгу ғоясини ўзида мужассам этган дастурда туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, «Уйчи тонги» фольклор этнографик жамоаси, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, «Ягонасан, муқаддас Ватан!», «Ниҳол» кўрик-танловлари ғолиблари, истеъдодли ёшларнинг чиқишларига алоҳида эътибор қаратилди. «Ниҳол» мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева ижросидаги қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

Байрам тадбирлари маҳаллалар, гузарларга кўчди. Қувончлиси, Мустақиллик байрами арафасида янги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тантаналар мажмуалари, тикувчилик цехлари, ўқув марказлари ишга тушди, янги иш ўринлари яратилди. Тошлоқ маҳалла ФЙ (раиси Абдулҳамид Ўлжабоев)да ташкил этилган байрам тадбири “Толзор” мажмуасида ўтди. Бу ерга икки юзга яқин фахрийлар вакиллари таклиф қилинди. Маҳалла фаолларидан Тошпўлат Бойдедаев, Бекмирза Боймирзаев, тадбиркор Шуҳратжон Абдуллаевлар эзгу тилаклар билдиришди. Бундай тадбирлар давом этмоқда.

Абдулҳаким НИШОНОВ,

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.