СУРУРЛИ ДАМЛАРДАГИ КЕЧИНМАЛАР
(ортга назар – хайрли амал)
Маълумки, ҳар қандай инсон энг саодатли кунларда ҳам, энг оғир дамларда ҳам ўтган йилларни, воқеаларни эслайди, хотираларини мушоҳада қилади, якуний фикрлар ясайди, бўлиб ўтган ҳодисотларга баҳо беради.
Муборак Истиқлолимизнинг 27 йиллик тў-ю тантаналари остонасида туриб, қувончли ва изтиробли кунларга, шонли тараққиёт йўлимизга назар ташласак, Озодлик, Ҳурлик, Эркинлик нақадар буюк неъмат эканлигини англаймиз.
Кечагидек ёдимизда: муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов (охиратлари обод бўлсин) Олий Кенгаш минбаридан туриб: «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қиламан», -деганларида йиғилиш иштирокчилари – депутатлару меҳмонлар бир зум карахт бўлиб қолдилар. 500 кишилик зал сув қуйгандек жим эди. Кимнингдир хаёлидан: «Шу ростми, мустақил бўламизми?», деган фикр кечган бўлса, кимдир: «Бунинг ортидан бошимизга «марказ»нинг навбатдаги зуғуми тушмайдими?» -деган ваҳимада эди.
Зал бўйлаб: «Нима, қўрқяпсизларми, бугундан бошлаб мустақил бўлдингизлар. Қани, қарсаклар», -деган хитоб янграганида одамлар ўзларига келдилар ва гулдурос қарсаклар бошланган эди. 1991 йил 31 август куни бўлиб ўтган бу воқеа Ўзбекистонимиз тарихида янги саҳифа очди, халқимиз рўшнолик сари юз бурди.
Шу палладан бошлаб тилимизда ва дилимизда Мустақиллик, Истиқлол, Эркинлик, Ҳуррият, Қадрият, Маънавият, Адолат, Ҳуқуқ каби маънодор, жарангдор сўзлар баралла янграй бошладики, бу ёқимли сўзлар мустабид тузум даврида тилимиздаги фаол сўзлар қаторидан четга чекинган эди.
Йигирма етти бекатдан иборат ортда қолган йўлга назар ташлаймиз: гоҳи ҳаяжонли, гоҳи изтиробли воқеалар онгимизда гавдаланади. 1990-91-йиллардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг танглиги, дўкон пештахталарининг ҳувиллаб ётиши, битта нон, ярим кило ёғ учун узоқ навбатга туришлар яқин ўтмишимиздан аччиқ хотира бўлиб қолди.
Аммо бу узоқ чўзилмади, халқни ҳаяжон, саросима босаётган ўша даврда давлат, Президент бутун фуқаролар ҳаёти ва тақдирини жасорат ва матонат ила ўз зиммасига олди: ўз нонимизни ўзимиз етиштирамиз, дон мустақиллигига эришамиз, ҳаётимизни ўзимиз фаровон қиламиз, буюк келажагимизни ўзимиз қурамиз, деган даъватларни олға сурди. Очиқ тан олмоқ лозимки, бу даъватларга кўпчилик астойдил, тоза ният, соф умидлар ила қўшилиб, давлат ва Юртбоши атрофида жипслашган бўлса, айримлар (Ватан туйғусидан маҳрумлар) истеҳзоли кулди, баъзилар (кўрнамак юртфурушлар) очиқ-ойдин қаршилик кўрсатдилар.
Ўша кунларда, бир томондан, диний ақидапарастлик хуруж қилган, ислом республикаси тузмоқ бўлган сохта диндор (асли дин бузувчи) лар, иккинчи томондан, турли сиёсий найрангбоз ва сохта демократлар тажовузлари туфайли ўтказилган уйқусиз тунлар, берилган қурбонларни унутмоқ инсофдан бўлмайди. Шу билан бирга, ўша ёвузларнинг бугунги гумашталари ҳозир ҳам пана-пастқамларда, ковакларда гуллаётган Ватанимизга, орзулари бисёр, мақсадлари пойдор халқимизга, олға сураётган бунёдкор, беғараз, тинчликсевар ғояларимизга кўз олайтириб ётганлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур.
Айтиш мумкинки, босиб ўтилган 27 йиллик тарихимизда Наманган воқеалари, февраль воқеалари, Бўстонлиқ, Узун, Сариосиё тоғларидаги қонли тўқнашувлар, жасур Юртбошимиз Ислом Каримовга қилинган тажовуз, Андижон воқеалари қалбимизда жароҳат қолдирган бўлса-да, халқимизнинг бундай иғвогарона ҳаракатларга учмай, мардонавор турганлиги, оташин ватанпарвар эл фарзандларининг қаҳрамонлиги қалбларимизга ғуруру сурур бағишлайди. Бугунги фаровон, дориломон кунларда ана шу изтиробли дамларни эслаш, юрт қаҳрамонларини хотирлаш, мўл-кўлчиликка, тинчликка шукроналар айтиш ҳар бир юртдошимиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Беадад шукурким, ўтган 27 йилимиз фақат изтиробдан иборат бўлмади. Бу давр улкан яратишлар, қуришлар, янгиланишлар, туб ислоҳотлар даври бўлди. Мустақилликни мустаҳкамладик, юртни обод қилдик, фуқароларимиз онгида янгича фикрлаш, ишлаш, қониқиб яшаш ҳисси шаклланди. Туман ичра қолган ўтмишимиз ёрқинлашди, буюк ўтмишдошларимиз сиймоси, улар қолдирган бебаҳо мерос юртимизда ва дунё бўйлаб чинакам қадрини топди.
Мустақилликкача оддий мих ёки болалар аравачаси ҳам ишлаб чиқармаган Ўзбекистон бугун ўз автомобилсозлиги, тракторсозлиги, ўз саноати, индустриясига эга бўлди. Дунёнинг етакчи давлатлари бизни тан олди, биз билан алоқаларни мустаҳкам боғлади.
2016 йил. Бу йил Ватанимиз тарихида, Истиқлол солномасида алоҳида ўрин тутади. Рио олимпиадасида ўзбек деган миллат дунёнинг ҳар бир гўшасида танилди. Рингда йигитларимиз ҳайқириғи Алпомишчасига бўлди, рақиб устига Жалолиддин бўлиб ташландилар, Бобур каби кутилмаган зарбалар бердилар, зарба кучи Темурникидек эди. Ўзларини енгилмас, афсонавий деб юрганлар «Зўрдан зўр чиққанлигини» тан олдилар. Бу ҳам Истиқлол шарофати эди!
«Шодлик бор жойда ғам бор», – деганларидек, ютуқлардан қувончларга тўлган халқимиз оғир жудоликка учради: Истиқлолимиз меъмори, оқил ва доно, жасур Юртбошимиз Ислом Каримов вафот этди. Йиғладик, қайғурдик, юракларимиз эзилди. Начора, буни умр дебдилар. Айрилиқдан қалблари зада бўлган ва бироз умидсизланган халқимизни Аллоҳ яна ёрлақади: у бизга яна бир қатъиятли, садоқатли, элпарвар, адолатпарвар, ғоят билимдон, сезгир ва ҳушёр Юртбошини – Шавкат Мирзиёевни ато этди. Мамлакатимизда ўтган икки йил ичида амалга оширилган ишлар бу инсон ҳақидаги фикрларимизни тасдиқлайди. Маҳоратли Йўлбошчимиз ўз ғоялари билан мамлакатни шундай «Ҳаракат» га келтирдиларки, ҳамма, ҳатто юз ёшли нуронийларимиз ҳам нимадир қилгиси келиб, умумҳаракатга ҳисса қўшиш умиди билан яшаяпти.
Мустақиллик шодиёналари арафасида туриб, 27 йилда босиб ўтилган «асрларга тенг йиллар»да кўрган-кечирганларимизни қисқагина эсладик. Зотан, Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда, «Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли дейдилар». Чиндан ҳам хайрли бўлсин!
Азиз ватандош! Ҳар бир қувончимизга қувонч улансин, ютуқлар оғушида бўлсак-да, келажакка ҳушёрлик, огоҳлик билан қарайлик, бир-биримизни қўллайлик, эҳтиёт қилайлик!
Истиқлол байрамингиз муборак бўлсин!
Ўринбой МЎМИНОВ.

