Эй, Истиқлол!

Бошимизда қанот қоқар Ҳумо қуши,

Кўрк очмоқда она диёр, топиб камол.

Сен туфайли унут бўлди қора кунлар,

Юртимизда абадий қол, эй, Истиқлол!

Тилимизда жаранглаган ширин сўз – сен,

Дилга ҳузур бахш этасан гўёки бол.

Элнинг асрий орзуларин рўёб этиб,

Юртимизда абадий қол, эй, Истиқлол!

Армон бўлдинг қанча ўтмиш аждодларга,

Сенга етмай, кўз юмдилар афтода ҳол.

«Озод Ватан!» -деб ўтганлар руҳи ҳаққи

Юртимизда абадий қол, эй, Истиқлол!

Излаб сени топди жасур эл ўғлони,

«Элим, юртим», -деб яшади Темур мисол.

Сен-ла буюк давлат қурмоқ азмимиздир,

Юртимизда абадий қол, эй, Истиқлол!

Халқ бахтини кўролмаган бир тўп малъун,

Сени юртдан ҳайдамоқни қилди хаёл.

Фитналарга учмай, сени асраб қолдик,

Юртимизда абадий қол, эй, Истиқлол!

Аллоҳ берган шавкатли, оқил Юртбоши,

Демиш: “Бўлсин ҳамма иш шаффоф ва ҳалол”.

Чиндан энди юз бурдик буюклик сари,

Юртимизда абадий қол, эй, Истиқлол!

Ўринбой МЎМИНОВ.