ГУЛБОҒДА БАЙРАМ
Жонажон Ўзбекистонимизни истиқлол йилларида «Байрамлар ярашган юрт», -деб таърифланмоқда. Чунки халқимиз тинчликсевар, бунёдкор, пок ниятли бўлгани боис шодлик, хурсандчиликни яхши кўради. Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами ҳар бир шаҳар, маҳаллада, оилаларда шодиёналик ила нишонланди.
Шундай тантаналар туманимизнинг Гулбоғ маҳалласида ҳам кўтаринкилик, ҳамжиҳатлик билан ёшу қарилар, меҳмонлар иштирокида ўтказилди. Уни маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарияти 23-мактаб ўқитувчиси Озодахон Турсунова ҳамкорлигида ташкиллаштирди. Байрам тадбирида «Ёшлар – бизнинг келажагимиз» мавзусида туманимиздаги МФЙлар вакиллари, намунали оилалар аъзолари, фахрийлар, ҳудуддаги мактаб ўқитувчилари, вилоятимиздаги таниқли ижодкорлар Дилором Эргашева, Руқия Ғозиева, «Оила» илмий-амалий маркази туман бўлими раҳбари Салима Юнусова ва бошқалар иштирок этдилар.
Эрта тонгда ҳудуддаги кекса нуронийлар бир пиёла чойга таклиф этилди ва юртимиз, халқимиз, раҳбарларимиз дуо қилинди, деҳқончилик ва бошқа ишларимизга барака тиланди.
Тадбирнинг асосий қисмида давримизнинг долзарб масалалари бўлмиш оилалар тинчлиги, тотувлиги, қайнона-келин, эр-хотин муносабатлари, ёшлар тарбияси, тўйларнинг қандай ўтаётганлиги, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар китобхонлиги, ота-оналар ибрати ва бошқалар атрофлича муҳокама этилди. Бу борада ҳукумат ва Президент олиб бораётган сиёсат кенг тушунтирилди.
Йиғилишнинг кейинги қисмида бадиий ижрочилик соҳасида ҳудуддаги ёшлар ўз истеъдодларини намойиш этдилар. Айниқса, Моҳичеҳра, Моҳларойим, Райҳона Ҳамидуллаеваларнинг миллий созларда ижро этган тароналари, Илёсбекнинг доира ва довул чалишидаги маҳорати, Муштарий Абдувоҳидованинг жозибали рақслари йиғилганларда катта ҳавас уйғотди.
Моҳир муаллима ва шоира Малика Бойхонованинг иқтидорли ўқувчилари иштирокидаги «Бола бошидан…» деб номланган шеърий-мусиқий композицияси ўта таъсирчан тарзда намойиш этилди.
Вилоятдан ташриф буюрган ижодкорлар Дилором Эргашева ва Руқия Ғозиевалар ўқиган шеърлар иштирокчиларга кўтаринки руҳ ва ҳузур бахш этди.
Байрам тадбири сўнгида «Оила» илмий-амалий маркази раҳбари Салима Юнусова қатнашчиларни байрам билан қутлади ва фаол иштирокчиларга совғалар тақдим қилди.
Гулчеҳра ИСОҚОВА,
19-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

