МУШТАРАК МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА
Буюк бобокалонимиз Абдулла Авлонийнинг «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир» -деган иборалари айнан бола тарбияси, унинг одоб-ахлоқи, Ватанни севиш, ўзининг иқтидорини намойиш этиш учун катта манба эканлиги шак-шубҳасиздир.
Бугун республикамиз миқёсида муҳтарам Президентимиз томонларидан давлат умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида қабул қилинаётган қарор ва фармонларни халқимиз жуда катта эътибор билан кузатиб бормоқда ва қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори ҳақиқатан ҳам, биз, маорифчилар учун йиллар давомида орзиқиб кутган долзарб масаланинг ечими бўлди. Чунки бу масалада биз, мактаб раҳбарлари қанча ҳаракат қилиб, ўқувчиларни мактаб формасига солишга уринсак-да, кўнгилдагидек натижа бўлмаётган эди.
Бу борада ота-оналар ҳам турлича қараш, фикрлар билан фарзандини ўз билганича кийинтириб, таълим муассасаларида муаммолар келиб чиқаётганди. Хориждан кириб келган айрим формалар ўқувчилар соғлигига зарар келтираётганлиги ҳамда уларнинг тоифаларга ажратиб қўяётганлиги ачинарли ҳолат эди. Бир қаралганда миллийлик, деб ўқувчи қизларимизга дўппиларнинг турли хил жим-жимадорларидан кийдириб, чалғиган ҳолатларимиз бўлди. Агар биз мактабда миллий кийинишни татбиқ қилсак, унда мустақил юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат вакилига ҳурматимизни қандай ифода эта оламиз? Бу қайси мантиққа тўғри келади? Ҳар бир миллат ўз либосини кийса, таълим муассасасининг либоси йўқолиб кетиши табиий ҳол-ку.
Миллийликни биз маънавий-маърифий тадбирларда, байрамларда, тўйларда тарғиб қилсак, мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Бу борада Юртбошимиз ўқувчилар ташқи кўриниши жиҳатидан бир-биридан фарқ қилмаслиги кераклиги ва улар орасида ижтимоий тенгсизлик келиб чиқмаслиги ҳақидаги қатъий фикрлари масалага янада ойдинлик киритди.
Мен раҳбарлик қилаётган мактабда ҳам ягона мактаб формасини таъминлаш масаласида бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Аввало, Низомда кўрсатилган ушбу қарорнинг туб моҳияти – 5 та боб, 20 та банди ўқитувчилар ўртасида кўрсатилган иловага асосан ўқиб, ўрганиб чиқилди.
Мактабимиздаги 882 нафар ўқувчининг 510 нафар ота-онасига кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, уларга тушунтирилди. Унда мактаб либоси, унинг таннархи, қулайлиги, фаслларга мослаштирилганлиги ҳақида маълумот берилди. Мактабнинг бошланғич (1-6) ҳамда юқори (7-11) синфлари учун ягона формаси намуналари кўринарли жойга қўйилди.
Таълим сифати бугунги куннинг асосий масаласидир. Таълим муассасаларида ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш, энг аввало, ёш авлоднинг маънан ва жисмонан соғлом, ақлан етук бўлишида бош мезон бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Насибахон СОБИРОВА,
2-мактаб директори, туман Кенгаши депутати.

