ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Қабул қилинган қонун ҳужжатлари, энг аввало, инсон манфаати учун хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.

Шу йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармонга асосан «республика – вилоят – туман (шаҳар)» уч поғонали принцип бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туман (шаҳар)ларда адлия бўлимлари ташкил этилди ва адлия органлари ва муассасаларининг асосий вазифаларидан бири этиб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш белгиланди.

Бўлимимиз мазкур Фармон асосида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 10 июлида Даҳиякота, Муборак, Овчибулоқ МФЙларида яшовчи Ф.Салимова, Т.Холмирзаев, Ш.Каримова, Р.Халитовалар ёшга доир пенсия тайинлашда ишлаган иш стажлари тўлиқ ҳисобга олинмаётганлигидан норози бўлиб, адлия бўлимига мурожаат қилганлар. Туман адлия бўлими мазкур ишни ўрганиб чиқиб, туман маьмурий судига ушбу фуқаролар манфаати юзасидан даъво аризаси киритди. Даъво аризаси суд томонидан қаноатлантирилди, натижада фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолда тикланди.

Келгусида ҳам туман адлия бўлими инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фуқароларнинг мурожаатлари асосида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб боради.

Баҳодир ҚОДИРОВ,

туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.