«ХИЗРОБОД»ДА ҚЎШ ШОДИЁНА

Кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш,  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу иқтисодиётимизни ривожлантириш, тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

1 сентябрь куни Мустақиллик маҳалласида фойдаланишга топширилган «Хизробод» мажмуаси муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифлари давомида берилган топши-риқлари ижросини таъминлаш ҳамда туманни 2018-2019 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурига киритилган лойиҳалардан биридир.

Тадбиркор Авазбек Абдуллаев томонидан 1,5 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган «Хизробод» мажмуасида муҳташам тўй ва маросимлар зали, ресторан, аёллар ва эркаклар учун фитнес клуб, гўзаллик салони, диагностика маркази, новвойхона, кафе, музқаймоқ павильони, савдо шохобчаси, қурилиш маҳсулотлари дўкони, мини футбол майдони халқимизга хизмат кўрсатади.

-Кейинги йилларда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, келажагимиз эгалари бўлган ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, -дейди «Хизробод ёшлар маркази» МЧЖ раҳбари Сабохон Абдуллаева. -Мажмуамизда  60 га яқин янги иш ўрни яратилди. Келгусида яна 40 та ишчи ўрни яратишни мўлжаллаганмиз.

«Хизробод» мажмуаси ҳамда «Ёшлар меҳнат маркази»нинг тантанали очилиш маросими катта шодиёнага айланиб кетди. Унда  вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло  Бозоров,  туманимиз ҳокими в.б. Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар сўзга чиқиб, барчани айём билан табриклашди ва мажмуа халқимизга узоқ йиллар хизмат қилишини тилашди.

Мажмуани бунёд этган қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Меҳнат фахрийси Турсунбой Худойбердиев истиқлол берган шундай саодатли кунлар учун шукроналар айтди.

Шодиёнага кам таъминланган оила фарзандларидан 14 нафарининг хатна тўйи ҳам уланиб кетди. Уларга кийим-бош, велосипед совға қилинди.

«Ўзбекистон» телеканали «Қишлоқ ҳаёти» кўрсатувининг бошловчиси, журналист Моҳинисо Камолова, таниқли шоир Зиёвиддин Мансуровнинг эзгу тилаклари, пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчага хушнудлик улашди.

Энг эътиборли томони, мажмуа олд томонида мусиқий фаввора ўрнатилган бўлиб, у 11 метр баландликкача отилади ва ранго-ранг тусга кириб, хуш кайфият бағишлайди.

Муҳаммад АЛИ.