«БИР ФАРЗАНДГА – УЧ КИТОБ»
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Китобсиз келажак йўқ!» мавзуидаги давлат гранти лойиҳаси доирасида «Уйчинома» газетаси таҳририяти томонидан ижодкор ўқувчилар, фаол китобхонлар, ота-оналар иштирокида «Бир фарзандга – уч китоб» шиори остида акция ўтказилди.
Мактабимизда ташкил этилган мазкур тадбирда 350 дан ортиқ ота-она қатнашди.
-Шу куни кутубхонамизга мингга яқин китоб, хайрия қутимизга бир миллион сўмдан ошиқ маблағ келиб тушди, -дейди мактаб кутубхоначиси Муяссар Исмоилова. -Ота-оналардан Маъсудахон Келдиева, Нормирза Раҳматовлар фаоллик кўрсатдилар.
Хайрия акциясида «Уйчинома» газетаси муҳаррири, лойиҳа раҳбари Муҳаммадали Қамбаров, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусовалар сўзга чиқиб, мактаб кутубхонаси ҳамда ўқувчиларга китоблар совға қилишди.
Ижодкорлар Ўринбой Мўминов, Абдумалик Юсупов, Абдулҳаким Нишоновлар ўз ижодларидан намуналар ўқишди.
Жийдакапа маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги “Гулдаста” бадиий ҳаваскорлик жамоаси хонандаси Абдурауф Абдусаломов ижросидаги қўшиқлар ҳамда мактаб ўқувчилари тайёрлаган бадиий дастур барчага манзур бўлди.
Тадбир ниҳоясида мактаб директори Насибахон Собирова ҳамкорлик учун тадбир ташкилотчиларига самимий миннатдорчилик билдирди.
Зуҳрахон КЕЛДИЕВА,
Феруза ДАВЛАТОВА,
2-мактаб ўқитувчилари.

