«ГУЛИСТОН»ДА ПАРРАНДАЧИЛИК ФАБРИКАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 ноябрдаги «2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида паррандачилик фабрикаси фойдаланишга топширилди.

«Голд Чикин Стар» МЧЖ томонидан 8 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган мазкур корхона икки гектар жойни эгаллаган. Германия технологияси асосида жиҳозланган фабрикада 63 мингта зотли товуқ парваришланади ва кунига 50-55 мингта тухум етиштирилиши кўзда тутилган. Маҳсулотни маҳаллий бозорга чиқариш билан бирга экспорт қилиниши ҳам режалаштирилган. Ҳозирда бу ерда 20 та янги ишчи ўрни яратилди.

Фабриканинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда туман ҳокими  Муҳаммадаюбхўжа Апақов, меҳнат фахрийлари Нормирза Раҳматов, Ҳабибулла Тўхтамирзаев, туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоевлар сўзга чиқиб, корхонанинг истиқболи порлоқ бўлишини тиладилар.

Муҳаммад АЛИ.