ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШНИНГ ШАФФОФ МЕХАНИЗМИ

Юртбошимизнинг «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3677-сонли қарори ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси дастури ижроси бўйича 2018 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилди. Унга кўра:

-юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;

-ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммунакация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат электрон шаклда амалга оширилади;

-тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби  тўғрисидаги Низом тасдиқланди;

-ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда «YERELEKTRON» ААТ деб аталади) орқали электрон шаклда амалга оширилади.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида электрон аукцион натижалари асосида қабул қилинган қарорларнинг бекор қилинишига йўл қўйилмайди. Электрон аукцион ғолиблари томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этмаслик ва ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда олиб қўйилиши бундан мустасно.

Шунингдек, ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш ва кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда  ташкилотлар  билан келишишда «YERELEKTRON» ААТ билан параллел равишда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ДУКнинг «Unison.uz» «E-XAT» ягона хавфсиз электрон почтасидан фойдаланишга 2018 йилнинг 1 ноябригача рухсат берилди. «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхати тасдиқланди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда ер ресурсларидан фойдаланишни пухта таҳлил қилиш натижалари бўйича фойдаланилмаётган ерлар аниқланади ва кейинчалик уларнинг бўш ер участкалари рўйхатига киритилади.

Бахтиёр УРИНОВ,

туман ҳокимлигининг бош мутахассиси.